Афғонистон қамоқхоналаридаги маҳкумлар сони очиқланди
Олам
−
18 Октябрь
6661Афғонистон қамоқхоналарида 12 мингга яқин эркак ва камида 1 минг аёл ушбу мамлакат судлари томонидан айбдор деб топилиб, жазо муддатини ўтамоқда. Бу ҳақда Афғонистондаги "Толибон" муваққат ҳукуматининг қамоқхоналар бошқармаси бош директори Муҳаммад Юсуф Мастрига таяниб, “Ariana News” хабар берди.
Мастрининг айтишича, мамлакат қамоқхоналарида турли жиноятларни содир этган 100 нафар хорижлик фуқаро ҳам сақланмоқда. Турли жиноятларда гумонланаётган тахминан 12 минг шахс ҳибсга олинган ва уларнинг иши бўйича суд ҳукми ҳали чиқарилмаган.
Шунингдек, Афғонистон фуқароларини чет эл қамоқхоналаридан ватанига олиб келиш бўйича муваққат ҳукуматнинг ташқи ва ички ишлар ҳамда адлия вазирлиги, олий суд ва қамоқхоналар маъмурияти вакилларидан иборат қўмита тузилган. Ушбу қўмита саъй-ҳаракатлари натижасида Хитойдан икки, Қувайтдан уч, Ямандан икки ва Эрондан яна 158 нафар маҳбус Афғонистонга олиб келинган.
Бундан ташқари, Юсуф Мастри Афғонистон қамоқхоналарида қийноқлар йўқлигини таъкидлаган. У қамоқхоналар бошқармаси БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича гуруҳларига, жумладан, аёллар қамоқхоналарига ҳам кириш имконияти яратилишини билдирган. Шунингдек, Мастри барча маҳбуслар, айниқса, аёллар учун диний, замонавий, касбий ва спорт таълими соҳасида яхши шарт-шароитлар яратилганини, кўплаб касбий инструкторлар қамоқхоналарда дарс бераётганини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати аёлларга эркакларга қарашни, жамоат жойларида ва уйда баланд овозда гапиришни тақиқлаган эди. Унга кўра, аёллар бегона эркакларга қарамаслиги ва уларга гапиришдан тийилиши лозим. Шунингдек, улар “ўзгаларни васвасага солмаслиги ва бунга йўл қўймаслик учун” юзларини беркитиши керак. Афғон аёлларига овозлари ташқарига эшитилмаслиги учун уй ичида баланд овозда гаплашиш ҳам ман этилган. Янги қоидаларга қарши чиққан аёллар ҳибсга олиниши белгиланган.
LiveБарчаси