Афғонистон бўйича позициямиз ўзгаришсиз қолмоқда – Тожикистон ТИВ
Олам
−
09 Февраль 3297 2 дақиқа
Аввалроқ, Тожикистон ва Афғонистон чегарасида қурбонли отишма содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур воқеадан сўнг Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин матбуот анжумани ўтказиб, Афғонистон билан муносабатлар ҳақида гапирди.
Маълум бўлишича, анжуманда вазир Афғонистон билан муносабатларни ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш асосида қураётганини билдирган.
“Биз ҳар бир суверен давлат ўз миллий манфаатларига мувофиқ сиёсат юритиш ҳуқуқига эга, деб ҳисоблаймиз. Шу нуқтаи назардан, кўплаб давлатлар, жумладан, Афғонистон билан чегарадош давлатлар ҳам ўз миллий манфаатларига асосланиб, ушбу қўшни давлат билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда”, дейди у.
Унинг сўзларига кўра, Душанбе чегара бозорлари қайта тикланди ва қўшни давлатга электр энергияси етказиб берилиши давом этмоқда. Шунингдек, у Афғонистон билан икки томонлама савдо ҳажми ўсиб бораётганини ва қиймати ўтган 2025 йилда 110 миллион доллардан ошганини таъкидлаган.
Вазир шунингдек, Тожикистон минтақанинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга қаратилган халқаро ҳамкорликни олқишлаётганини ва халқаро ҳамжамиятни Афғонистонни оғир гуманитар вазиятда ташлаб қўймасликка чақираётганини айтган.
“Бизнинг Афғонистон бўйича позициямиз ўзгаришсиз қолмоқда. Биз Афғонистонни хавфсиз, барқарор, тинч ва фаровон мамлакат сифатида кўришни истаймиз”, дейди у.
Сўнгги икки ой ичида Афғонистон билан чегарада қуролли ҳужумларнинг кўпайиши ҳақида изоҳ берар экан, у икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари давлат чегараси бўйлаб ҳодисаларнинг олдини олиш учун биргаликда ишлаётганини айтган.
Маълумот учун, ўтган 2025 йилда Тожикистон-Афғонистон чегарасида Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан афғон контрабандачилари ўртасида 17 та қуролли тўқнашув содир бўлган (2024 йилда – 6 та). Ушбу тўқнашувлар оқибатида 10 нафар афғонистонлик ва 2 нафар тожик чегарачиси ҳалок бўлган.
Шунингдек, ўтган йили 9 нафар афғонистонлик Тожикистон ҳудудига гиёҳванд моддаларни олиб киришга уринганида қўлга олинган. Шунингдек, 2025 йилда Тожикистон чегарачилари Тожикистон-Афғонистон чегарасида жами 2 тонна 742 килограмм гиёҳванд моддани мусодара қилган (2024 йилда – 1 тонна 824 кг). Шу миқдорнинг 2 тонна 566 килограмми Хатлон вилояти билан чегарада, 186 килограмми эса Тоғли Бадахшон автоном вилояти билан чегарада мусодара қилинган.
Эслатиб ўтамиз, тожик-афғон чегарасидаги сўнгги отишма жорий йилнинг 31 январь куни содир бўлган эди. Ҳодиса оқибатида уч нафар афғон контрабандачиси воқеа жойида зарарсизлантирилган. Икки нафар контрабандачи тун қоронғулигидан фойдаланиб, Афғонистон томон қочишга муваффақ бўлган.
Эъзоза Олимова
Live
Барчаси