АЭС қурилиш майдончасида иш бошлаш бўйича протокол имзоланди
Жамият
−
10 Сентябрь
5763“Ўзатом” агентлиги ҳузуридаги “Атом электр станцияси қурилиши дирекцияси” давлат корхонаси ва “Атомстроекспорт” АЖ (АСЭ АЖ, “Росатом” давлат корпорациясининг муҳандислик бўлими) ўртасида бўлажак кам қувватли атом электр станцияси қурилиш майдончасида ишларни бошлаш тўғрисида протокол имзоланди. Бу ҳақда “Ўзатом” матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев ва “Росатом” давлат корпорацияси бош директори ўринбосари – Халқаро фаолият блоки директори Николай Спасский иштирокида имзоланган.
“Ўзатом” агентлигининг атом электр станцияси қурилиш дирекцияси директори Отабек Амановга кўра, бугунги ҳужжат имзоланиши Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини амалга ошириш бўйича фаол амалиётга ўтишдан далолат беради ва яқин келажакда қурилиш майдончасида тўғридан-тўғри ишларни бошлаш мумкин бўлади.
“Бугун имзоланган протокол томонларнинг тартибга солиш ва молиявий мажбуриятлари бўйича устувор шартлар бажарилишини тасдиқлайди. “Росатом”нинг муҳандислик бўлими атом электр станцияларини жойлаштириш ва қурилиш майдончасида қидирув ишларини олиб боришга лицензия олиш учун ҳужжатларни фаол равишда ишлаб чиқяпти”, дейди АСЭнинг Марказий Осиёда атом электр станцияларини қуриш лойиҳалари директори Павел Безруков.
Билдирилишича, АЭС лойиҳаси бўйича дастлабки ишлар ёзда бошланган. Июнь ойида бўлажак АЭС ўрнида биринчи Қурилиш штаб-квартираси ўтказилган. Август ойининг охирида келажакдаги атом электр станцияси қурувчилари учун айланма лагерь яратиш ишлари бошланган.
“Бу атом электр станцияси фаолият юритаётган ҳудудни анъанавий комплекс ривожлантириш йўлидаги биринчи қадам – ҳудудда маданий-маърифий лойиҳалар, тиббиёт ташкилотлари пайдо бўлади, аҳоли пунктида одамлар яшашига, саноат корхоналари ва тижорат ташкилотлари меҳнатга жалб қилинади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2024 йил 27 майда имзоланган шартнома Россия лойиҳаси бўйича Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятида умумий қуввати 330 МВт (ҳар бири 55 МВт 6 та реактор) бўлган атом электр станциясини қуришни назарда тутади. “Атомстроекспорт” ОАЖ (Росатом давлат корпорациясининг муҳандислик бўлими) станция қурилиши бўйича бош пудратчи ҳисобланади, шунингдек, қурилишда маҳаллий компаниялар ҳам иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Россия орасидаги АЭС қурилиши ҳақида шартнома кучга кирган эди.
LiveБарчаси