Адвокатлар палатасига янги “қон” керак...ми?
Таҳлил
−
22 Сентябрь 2023
11013Бир неча кундан буён бир эмас, бир неча адвокатлар бутун бошли адвокатларга “бош” дейиладиган Адвокатлар палатаси ҳақида ёзмоқда. “Адвокатлар палатасига янги "қон" керак”, деб пост қўйган Саидали Мухторалиев бу муҳокамаларни бошлаб берди.
Унинг маълум қилишича 2023 йил 17 ноябрь куни Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг амалдаги раиси Алим Эрназаровнинг раҳбар сифатидаги ваколат муддати тугайди. Демак, давлатдан мустақил бўлган энг асосий ҳуқуқий ташкилотга янги раҳбар сайланади ва бу воқеа жорий йил 18 ноябрь куни бўлиб ўтиши мумкин.
Палатага раис қандай тартибда сайланиши ҳақида батафсил маълумот берган Мухторалиев амалдаги палата раиси босиб ўтган беш йилда ҳеч нарса ўзгармаганини қўшимча қилган.
“Адвокатлар палатаси раҳбарлигига янги “қон” кераклиги аниқ, бу фикрни ортда қолган 5 йиллик даврга қараб исталган одам бемалол айтиши мумкин ва адвокатларнинг аксарияти ҳам буни тасдиқлашига ишончим комил.
Айни пайтда жуда кўпчилик адвокатларни ўйлантираётган савол: палатага янги раис ким бўлади? Номзодлар қандай мезонларга кўра танлаб олинади? Номзодларнинг адвокатура тизимини ривожлантириш бўйича аниқ дастурлари бўладими ва аввалдан палата аъзолари эътиборига тақдим этиладими? Ишқилиб номзодлар Президент ёхуд Адлия вазирлигидан ташаббус бўлмагунича донг қотиб ўтирадиганлардан олинмайдими? Уларнинг адвокатлар орасидаги обрў-эътибори қай даражада эканлиги ҳисобга олинадими? Янгиланган Конституцияда акс этган ўзгаришларга ҳамоҳанг юра оладими ва шу йўлда адвокатларни ўз ортидан эргаштира оладими, улар? Йўқ айби учун жавобгарликка тортилаётган адвокатларни ҳимоя қила оладими? Ва энг асосийси, Ўзбекистон адвокатурасини мустақиллигини таъминлаш қўлидан келадими?”, дейди Саидали Мухторалиев.
Унинг қўшимча қилишича, Адвокатлар палатасининг уставига кўра палатага аъзо бўлган ҳар бир адвокат палата раҳбар органларини сайлашда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, адвокатлар учун муҳим бўлган саволларга жавоб олишни ва сайлов жараёни шаффоф бўлишини исташади.
Шу ўринда Адвокатлар палатаси ҳақида қисқача маълумот берсак. Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Адвокатлар ассоциацияси ва унинг ҳудудий бўлимлари негизида Адвокатлар палатасининг таъсис конференцияси қарори асосида 2008 йилда ташкил этилган.
2018 йилнинг 17 ноябрь куни Адвокатлар палатасининг конференциясида Алим Қодирович Эрназаров 5 йил муддатга Адвокатлар палатаси раиси этиб сайланганди.
Эрназаров турли йилларда Давлат сув қурилиш қўмитаси, Адлия вазирлиги, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида қатор масъулиятли лавозимларда ишлаган. 2004 йилда ўзининг адвокатлик фаолиятини бошлаб, 2008 йилда беш йиллик муддатга Адвокатлар палатаси раиси этиб сайланган.
Бошқа бир адвокат Усмонхон Салохиддинов ўзининг Telegram каналида ҳамкасбининг “Адвокатлар палатасига янги "қон" керак”, номли постига муносабат билдирар экан, уни бутун бошли палата ўзининг Telegram каналида улашди. Палата адвокатнинг эътирозларни ё назарга илмади, ёки раддия беришга эринган чоғи, бу постга бошқа бир адвокатдан келган жавобни улашиб қўйиш билан қутулди.
“Бу жуда бўрттириб ёзилган асоссиз пост”, деб ўз муносабатини бошлаган адвокат палата раиси Эрназоровни анча мақтаган.
“Адвокатура тарихида ҳали бирор раҳбар Эрназаров каби Ўзбекистон адвокатураси учун прогрессив ўзгаришлар қилмаган. Ҳозирги раҳбар иккинчи муддатга сайланиши тарафдориман. Мен яқин 29 йилдан бери адвокатлик фаолияти билан шуғулланиб келаман. Мен бошқа бир нечта давлатларда ҳам адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ваколатига эгаман.
Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, МДҲ мамлакатлари ичида Ўзбекистон адвокатураси, ислоҳотларда, адвокатлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, ҳалқаро ҳамкорликда биринчи ўринга чиқиб олди, десам муболаға бўлмайди. Ҳали бирорта давлатда 5 йил ичида АП ташаббуси билан Ўзбекистончалик нуфузли ва ибратли халқаро конференция ўтказмаган. Адвокатлар ҳуқуқи А. Қ.Эрназаров ва Адлия вазирлиги ташаббуслари билан ҳимоя қилиниши учун қонунда ижобий таклифлар киритилиб ўзгармоқда”, дейди Салохиддинов.
Унинг қўшимча қилишича, адвокатлар мақомини Конституциявий даражада белгиланиши оламшумул ижобий натижа ҳисобланади. Қолаверса у “янги қон керак” деб даъво қилиш, шунча ислоҳотлардан кейин, нонкўрликдан бошқа нарса эмас демоқда.
“Ҳуқуқим бор деб ҳамма нарсани валжирайверманг, масъулият ва жавобгарликни ҳам ёдда тутинг”, дейди адвокат Салохиддинов.
Бундан ташқари, бир нечта адвокатлар ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида Адвокатлар палатасидан норозилигини билдирмоқда. Жумладан адвокат Абдумалик Абдуллаев Адвокатлар палатаси раисига саволлар кўплигини ёзади.
“Адвокатура тўғрисида”ги Қонуннинг 12-2-моддасида Адвокатлар палатасининг асосий вазифалари белгиланган. Шулардан бири адвокатларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш. Бу норма уларни дастлабки тергов ва судда ҳимоя қилишни ҳам назарда тутади.
Палата томонидан ушбу йўналишда айнан қандай ишлар қилинди? Айнан қайси адвокатни қайси ишда ҳимоя қилинди? Айниқса, оқланган 3 нафар аёлга оид жиноят ишида-чи? Томошабин позициясида турмагандир, ахир?! Хуллас, саволлар кўп”, дейди Абдуллаев.
QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлган бир нечта адвокатлар палатадан норози эканини билдирди. Искандар Мухидов адвокатлар учун малака ошириш, ўқиш, ўз устида ишлаш учун палата томонидан шароит яратилмаслиги, шу вақтгача палата адвокатлар учун жон куйдирмаганини айтмоқда.
“Ички ишлар органларига ишга кириш учун 3-6 ой сержантлик мактабида ўқийсиз. Прокуратурага киришингиз учун ҳам махсус мактаб бор. Лекин адвокат бўлиш учун ҳеч қаерда ўқимайсиз. Малака оширсангиз ёки оширмасангиз ҳам ўзингиздан ўзингиз адвокат бўлиб кетаверасиз. Бу нотўғри нарса. Шунинг учун адвокатларга ҳам ўқиш қилиш керак. Жиноят процессуал кодексида адвокат билан прокурорнинг мақоми тенг бўлганидан кейин уларнинг билим ва кўникмалари ҳам бир хил бўлиши лозим.
Адвокатлар палатасига савол бераман: палата сифатида адвокатларга нима қилиб берди? Лекин биз ҳар ойда адвокатлик бадалини тўлаймиз, бир ой кечиктирсак тўполон бўлади. Лекин палата адвокатдан олган пулига яраша нима қилди? Майли бизга ҳеч нарса қилмасин, лекин пулни адвокатура институтини ривожлантиришга сарфлаш керак, адвокатлик институти ривожлантириш лозим”, дейди адвокат Искандар Мухидов.
Адвокат Абдурауф Ҳакимов эса Палата фаол бўлиш билан бирга мустақил бўлиши кераклигини айтмоқда.
“Шунча адвокат қамаляпти, адвокатга нисбатан айблов илгари суриляпти, ижтимоий тармоқларда адвокатга нисбатан гўёки "ўртакашдек" тамға қўйилмоқда, палата эса бунга жим...
Адвокат биттагина сўровнома берса жавобини вақтида олмаса 2 та “минималка штраф”га торта олади... Бўлди... Палата адвокатни мақомини юксалтириш учун нима қилди? Тўғриси билмайман. Ҳар ой олинаётган бадал пуллари нимага сарф бўляпти, билмаймиз. Мустақиллигини-ку айтмаса ҳам бўлса керак. Палата раисини Адлия вазирлиги эмас, ўзимиз мустақил сайлай олишимиз керак. Палата ютуқ ва камчиликлари тўғрисида ҳар чоракда ҳисобот бериши керак. Қисқаси фаолиятга“дух” қўшиш керак, шижоат жасорат бўлса ишланади, ривожланиш бўлади”, дейди Абдурауф Ҳакимов.
Бир нечта адвокатлар билан суҳбатда бўлиб уларнинг эътирозларини тингладик. Адвокатлар палатаси “каттаси” Алим Эрназаров адвокатларнинг эътирозларига муносабат билдирар экан, бу норозиликларнинг барчаси беш йиллик фаолияти тугаши арафасида пайдо бўлаётганидан ажабланмаганини билдирди. Норозиликларга нима учун АП расмий муносабат билдирмади, деган саволимизга шундай жавоб берди:
“Палата расмий ташкилот. Ҳеч ким бизга расман хат билан эътироз билдириб, мурожаат қилмади. Ҳисобот беринглар деган эътирозлар ҳам бўляпти. Устав бўйича палатанинг беш йиллик фаолияти ҳақидаги ҳисоботни Адвокатлар палатаси раиси конференцияга беради. Конференция бу – Ўзбекистон Республикаси адвокатлари томонидан сайланган 140 та делегатга берилиши керак. Шунга қарамай, 5000 мингта адвокатни хабардор қилиш учун барча маълумотларни тайёрлаш бўйича топшириқ берганман. Қонун бўйича бу ҳисоботни олдиндан бериш мажбуриятим йўқ. Шунга қарамай, барча маълумотларни эълон қиламиз. Ҳамма жойга янги “қон” керак. Мен бунга қўшиламан. Мен ёзганларни ёмон деётганим йўқ”, дейди палата раиси.
Қолаверса, у АП доимий равишда адвокатларга ҳуқуқий ёрдам берганини айтади. Эрназаров ўзини пиардан узоқ юрадиган одам эканини иддао қилиб, адвокатларнинг бошига иш тушганида қилинган ишларни кўп ҳам очиқламаслигини қўшимча қилди.
“Палата адвокатларни ҳимоя қилмайди, деб айтилди. Бу 100 фоиз нотўғри гап. Яқинда уч нафар аёл адвокатлар билан содир бўлган иш масаласидан ҳам мисол келтиришим мумкин. Уларга оид иш бошлангандан сўнг, шахсан ўзим қўйган имзо билан Бош прокурор ва Инсон ҳуқуқлари вакили (омбудсман)га хат бердик. Ишда адвокатга тазйиқ элементлари борлиги ва бир нечта ҳолатларни келтириб хат ёзганмиз. Бундан ташқари, суд жараёнида адвокатлар бориб ҳамкасблари билан суҳбатлашган ва жараёнларда бевосита қатнашишган. Аёл адвокатларнинг ҳимоячиларини чақириб, қандай ёрдам бера олишимиз мумкинлигини сўрадик. Бу ҳақдаги барча маълумотларни палатанинг расмий саҳифаларида эълон қилганмиз. Адвокат аёллар оқланиб ҳам чиқди. Уларни палатага чақирмадим. Менга нисбатан “Алим ака, пиар қиляпти”, деган гап бўлмасин деган мақсадда уларни чақирмаган эдим. Мен пиардан йироқ одамман. Аёл адвокатлар билан телефон орқали боғланиб ҳол-аҳвол сўрадим. Адвокатлар палатаси ҳар доим улар билан бирга экани ва қўллаб-қувватлашини билдирдим”, дейди палата раиси.
Аксарият адвокатларнинг эътирози бўлган адвокатлик божи ҳақида сўз очганимизда палата раиси 5000 мингта адвокатдан келиб тушадиган пуллар қаерга ишлатилишига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг қўшимча қилишича, палата пулни қаерга ишлатаётганини ҳисобини бериш мажбуриятига эга эмас.
“Адвокатлар палатасида 130 нафар ходим фаолият олиб боради. Уларнинг маошлари, вилоятдаги ходимларга керакли жиҳозлар, иншоотимизнинг коммунал тўловлари айнан адвокатлар томонидан тўланган бож орқали қопланади. Уставда “палата бундай маълумотни беради” деган жойи йўқ. Мен бу аргументни нотўғри деб ҳисоблайман. Шунга қарамасдан 2019-2020 йилларни ҳар бир вилоятга бориб, адвокатларни йиғиб, палата нима иш қиляпти, қаерга қанча пул сарфлаяпти, қайси қонун ҳужжатлари бўйича ишлаяпти, ҳаммасини тушунтирганман. Ҳар йили “квартальный отчёт”ни сайтда эълон қиламиз. Бу маълумотларни очиб ўқиган бор, ўқимаганлар бор. Ёки ўқиб, била туриб, тескарига бурадиганлар ҳам йўқ эмас. Иш бошлаган кунимдан то бугунга қадар, барча ҳисоб-китоб маълумотлари қўлимда турибди”, дейди палата “каттаси” Эрназаров.
Адвокатларнинг эътирозларига кескин эътироз билдирган Алим Эрназаров уларнинг ўқиши ва ўқитиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, қонун бўйича адвокат ҳар уч йилда малакасини ошириши керак. Аммо маблағ...
“Ҳар уч йилда ўқиш уларнинг мажбурияти. Белгиланган тартиб бўйича пулини ўзлари тўлашади. Уларнинг ўқиши, малака ошириши учун пул тўлаш палатанинг мажбурияти эмас”, дейди раис.
Алим Эрназаровга сўнгги сўз ўрнида фаолиятини баҳолашини сўраганимизда у ўз фаолиятидан қонишини айтиб ўтди.
“Агар фаолиятимдан қониқмаганимда аллақачон бу лавозимдан кетардим”, дейди палата раиси.
Эртага, 23 сентябрь куни Тошкент шаҳар адвокатларининг катта йиғилиши бўлиб ўтади. Йиғилишдаги асосий масала Адвокатлар палатасининг Тошкент шаҳар худудий бошқармасидан 10 нафардан иборат делегат ва 2 нафардан иборат бошқарув аъзоларини сайлаш. Ушбу делегатлар ва бошқарув аъзолари 2023 йил 18 ноябрь кунги Конференция йиғилишида Республика Адвокатлар палатаси раисини сайлашда адвокатлар номидан иштирок этади.
LiveБарчаси