33 миллион аҳолига 4 минг адвокат. Фақат Туркманистон ва Тожикистондан олдиндамиз
Жамият
−
25 Декабрь 2019
5216Бугун, 25 декабрда Адвокатлар палатасида “Адвокат” журналининг 20 йиллиги муносабати билан палата вакиллари ва ОАВ иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда палата раиси соҳадаги кўплаб камчиликлар ва узоқ турғунлик йиллари ҳақида гапирди.
“Бугунги адвокатуранинг ҳолати қандай? Ўзбекистоннинг 33 миллиондан ошиқ аҳолисига атиги 4 минг адвокат тўғри келмоқда. Ҳар битта адвокатга 8,5 минг аҳоли сони тўғри келади. Бу дегани одамларнинг адвокатларга бўлган заруриятни қондириш имконияти камлигидир. Бу йил май ойида бошқа 42та давлатни асос қилиб таҳлил қилдик. Етук Европадан тортиб, Ўрта Осиё ва бошқа Осиё давлатлари билан солиштириб кўрдик. Ўзбекистон аҳолига нисбатан 40-ўринда эканмиз. Биздан кейинги ўринларда Туркманистон ва Тожикистон давлатлари экан. У ерда ҳар бир адвокатга 12-14 минг аҳоли тўғри келади. Бошқа собиқ иттифоқ давлатлари, жумладан Россия, Қозоғистон, Болтиқбўйи давлатларида ўртача 1-1,5 минг аҳоли тўғри келади.
Баъзи мамлакатларда адвокатлар сони жуда кўп. Мисол учун, Туркияни олайлик. Уларда адвокатлар 125 минг нафар. Хабарингиз бор, сентябрь ойида махсус маърузачи Гарсия-Саян юртимизга келди. У ўзининг мамлакатида, ҳусусан Перунинг ўзида 85 мингта адвокат борлигини таъкидлади. Адвокатлар сони камлиги аҳолининг юридик маслаҳат олиши камлигини билдиради”, дейди палата раиси.
Палата раиси Алим Эрназаров шунингдек соҳа анча орқада қолганлигини ва адвокат бўлиш учун ёшларга тўсиқ бўлаётган омилни айтиб ўтди.
“Адвокатлар сони бўйича очиғини айтаман камида 20 йил олдин ўйлаш керак эди. 20 йил қолиб кетдик. Биз охирги 10 йиллик адвокатлар сони динамикасини кўтардик. Деярли ўсмаган. Йилига 70 ёки 100тага кўпайган, холос. Сабабларини ҳам таҳлил қилдик. Талаба юридик олийгоҳни битирди ва адвокат бўлиш истаги бор. У бўла олмайди. Чунки 2 йиллик юридик стаж бўлиши керак. Бу норма ҳозир ҳам бор. Кейинчалик буни ўзгартирамиз, деган умиддамиз. Хўп деб кетади. Бирор ташкилотга ишга кириб оддий ходимликдан бошлайди, кўтарилади. Қарабсизки, бўлим ёки департмент бошлиғи бўлса, унинг адвокатликка қизиқиши қоладими?”, дейди Алим Эрназаров.
LiveБарчаси