Адвокат “саломатлиги оғир” дейди, Омбудсман эса инкор этади: Мубашшир Аҳмаднинг қамоқдаги аҳволи қандай?
Таҳлил
−
10 Январь 4837 9 дақиқа
Айни кунларда диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси, Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш колониясида саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммоларга қарамай, оғир шароитда сақланаётгани ҳақидаги хавотирли хабарлар тарқалмоқда. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Турсуновнинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ билан боғланди.
Адвокатнинг сўзларига кўра, Турсуновнинг бугунги кунда тайинланган 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони Навоий вилояти, Қизилтепа туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 5-сонли Жазони ижро этиш колониясида ўтамоқда.
Гарчи, тергов ва суд жараёнларида ҳам бир неча маротаба Турсуновнинг соғлиғи яхши эмаслиги, қандли диабет касаллигининг II тури билан анча йиллардан буён оғриб келиши, ушбу шахсни қамоқда сақлаб бўлмаслиги юзасидан илтимосномалар киритилган бўлса-да, эҳтиёт чораси ва жазо тайинлаш масаласида ушбу ҳолатлар инобатга олинмаган.
2025 йилнинг 26 ноябрь куни адвокатлар Турсунов билан бевосита 5-сонли ЖИЭКда учрашган вақтида, маҳкумнинг қон босим кўрсаткичлари бир неча маротаба 180 дан ошгани, қандли диабет касаллиги оқибатида буйраклари яхши ишламаётгани, оёқлари шишиб кетгани ва бошқа шу каби ҳамроҳ касалликлари соғлиғи ва ҳаётига жиддий хавф туғдираётгани маълум бўлган. Қолаверса, ушбу факт адвокатлар томонидан берилган адвокатлик сўровига жавобан тақдим этилган хатда ҳам ўз тасдиғини топган.
26 декабрь куни адвокатлар ва Мубашшир Аҳмад ўртасида ўтказилган такрорий учрашувда у хатда кўрсатилган муолажаларнинг бирортасини олмагани, фақат тиббий кўрикдан ўтказилгани, лекин ётиб даволанмагани, дори воситалари билан таъминланмагани ва оддий дам олишга ҳам рухсат йўқлигини маълум қилган.
Бироқ адвокатлар томонидан икки маротаба ИИВ ЖИЭДга мурожаат билан борилганда, департамент бошлиғи ўринбосари ва тиббий хизмат бошлиғи томонидан маҳкум бир неча маротаба тиббий пунктда даво муолажалари олгани, бугунги кунда ҳам даволанаётгани, соғлиғи яхши ҳолатда экани, шу сабабли ишга олиб чиқилаётгани ҳақида нотўғри маълумот тақдим этилган. Қолаверса, жазони ўташ давомида Турсунов Қизилтепа туманида жойлашган ғишт заводларининг бирида мажбурий тарзда ишлашга чиқарилаётгани айтилди. Адвокатнинг қўшимча қилишича, ҳимоясида бўлган шахс соғлиғининг шундай бир ёмон ҳолатида 16 соатлаб тик оёқда ишлашга ва юришга мажбурланмоқда.
“Алишер Турсуновнинг соғлиғи яхши эмаслиги, қандли диабет касаллиги қийнаётгани, оёқлари ишиб кетиб, буйраги яхши ҳолатда эмаслиги, танасида ҳар-хил яралар пайдо бўлаётганини кўра-била туриб, уни оғир ва совуқ об-ҳавода меҳнат қилишга жалб этишдан мақсад нима?” дейди Абдуллоҳ Содиқ.
Юқоридаги факт, яъни 2025 йил 28 октябрда этап қилинган маҳбуснинг 1 ой ичида 3 маротаба даволангани, қандли диабет, артроз, стенокардия ва бошқа шу каби ҳамроҳ касалликлар билан оғриши ушбу шахсни озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтай олмаслигини англатади.
Шунингдек, Турсунов ўзининг сўзларида 2026 йилнинг 11 мартида қонун бўйича жазонинг 3/1 қисмини ўтаб бўлгани сабабли манзил-колонияга ўтказилиши кераклигини, лекин унга ҳар-хил тазйиқлар ўтказилиб, арзимас нарса билан қоидабузарлик расмийлаштириб, ўтказилишини кечиктиришга ҳаракат бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирган.
Бундан ташқари, Мубашшир Аҳмад муассаса ходимлари томонидан унга нисбатан бошқа маҳбуслар қатори бир хил муносабат бўлмаётганидан, бир мисол: кимдир оддий шамолласа 5-6 кунлаб тиббий пунктда даволаниб чиқишини, бироқ унинг шунча касаллиги бўлса-да, оёқлари ишиб кетган ҳамда оёғидаги яралар қорайиб, гангрена касаллигига қараб кетаётган, бир сўз билан айтганда аҳволи критик даражада бўлса-да даволанишга рухсат йўқлигини, фақат ишга чиқ деб мажбурлашларини билдирган.
Қолаверса, у оёқлари ва ундаги яралар оғриётгани ҳақидаги шикоятлари эътиборсиз қолаётгани, фақат оғриқ қолдирувчи томчи дорилар қилишаётгани ва бу вақтинчалик чора эканини, кейин яна оғриқлар давом этиб, юришга қийналаётганини маълум қилган.
“Шу ҳолида, А.Турсунов иккинчи қаватдаги кроватда ухлашга мажбур. Оёғидаги яра ҳар бир чиқиш ва тушишда унга азоб бермоқда. Бир неча маротаба йиқилиб тушишига ҳам сабаб бўлган. Ачинарлиси, ҳимоямдаги шахсга адвокатларининг камроқ учрашувга келиши, иложи бўлса умуман келмаслиги уқтирилиб, босимлар бўлмоқда”, дейди Абдуллоҳ Содиқ.
Юқоридаги Мубашшир Аҳмаднинг соғлиғи билан боғлиқ жиддий муаммолар муҳокамалар марказига чиққандан сўнг, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий аъзоси маҳкум Алишер Турсунов жазо ўтаётган калонияга борди. Аммо кутилганидек мутассадилар ташриф буюрганида ҳаммаси жойида қилиб кўрсатилади. Яъни Мубашшир Аҳмаднинг соғлиги ва сақлаш шароити ўрганилганида ҳеч қанддай муаммоли масала йўқлиги айтилган. Ҳатто, буни қарангки, Омбудсман маҳкумнинг ўзи билан ҳоли тарзда суҳбат ўтказганда ҳам у муассасада тиббий ёрдам кўрсатилишидан шикояти йўқлиги, Алишер Турсунов мунтазам равишда тўлиқ тиббий текширувдан ўтказиб келинаётгани, фақат аввалдан мавжуд бўлган касалликлари туфайли соғлиғида бироз ўзгаришлар борлиги ва тегишли тиббий ёрдам олаётганлигини айтган.
Бундан ташқари, маҳкум муассасада ўз хоҳишига кўра меҳнатга жалб этилгани, хусусан, ошхона ишлари билан шуғулланаётгани, қонунчиликда белгиланган меъёрлардан ортиқча меҳнат қилмаётгани ҳамда иш шароитлари меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ эканини айтиб ўтган.
Алишер Турсунов озиқ-овқат таъминоти ва яшаш шароитлари юзасидан ҳам шикоят билдирмаган. Унинг сўзларига кўра, соғлиғидан келиб чиқиб, белгиланган нормалар асосида озиқ-овқат билан таъминланмоқда. Қисқа қилиб айтганда, адвокат томонидан берилган Мубашшир Аҳмаднинг сақланиш шароити ва соғлиғи билан боғлиқ хавотирли хабарлар мутлақо асосиз қилиб кўрсатилган. Ушбу ҳолатни яна чуқурроқ ўрганиш мақсадида QALAMPIR.UZ ИИВ билан боғланди. Бироқ вазирлик воизи Мубашшир Аҳмад билан боғлиқ масала шахсга оидлиги сабабли очиқланмаслигини айтди.
Юқоридаги ҳолатга кўра, аслида қонунчиликда нима дейилган?
Жиноят кодексининг 75-моддаси биринчи қисмида “ҳукм чиқарилганидан кейин жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқа оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилиниши лозим”лиги белгиланган. Ушбу моддага мувофиқ тушадиган касалликлар “Оғир касалликка чалинган маҳкумларни тиббий текширувдан ўтказиш ва уларни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилишга тақдим этиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги Ички иишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарорида келтирилган.
Хусусан, диний уламо Мубашшир Аҳмадга аниқ ташхис қўйилган “Қандли диабет II типи” – қўшма қарордаги “Маҳкумларни касаллиги туфайли жазони ўташдан озод қилишга тақдим этиш учун асос бўладиган касалликлар” рўйхатида мавжуд.
Аслида бундай озодлика чиқариш, Ўзбекистон ҳуқуқий тизимига бегона эмас. Масалан, 2024 йил 19 март куни Салим Абдувалиев “ўқотар қуролларни қонунга хилоф муомаласи”да айбдор деб топилган ва 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди. Орадан 10 ойдан кўпроқ вақт ўтиб, 2025 йил 12 январ куни Салим Абдувалиев хасталиги туфайли Жиноят кодексининг 75-моддаси тартибида жазодан озод қилинган ва озодликка чиқарилган.
Бундан олдин ҳам Мубашшир Аҳмад билан боғлиқ суд жараёнлари бахсли масала бўлган.
Ўтган 2025 йил бошида Ички ишлар вазирлиги Мубашшир Аҳмад (Алишер Аҳмадович Турсунов) Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми бўйича қидирувга берилганини маълум қилган эди. Аммо кейинчалик вазирлик воизи Шоҳрух Ғиёсов Мубашшир Аҳмад юқоридаги моддада назарда тутилган жиноятда гумонланмаётгани, ахборот тарқатишда техник хатоликка йўл қўйилганини маълум қилган эди.
Шундан сўнг, 2025 йилнинг 8 май куни Мубашшир Аҳмад ноқонуний материаллар тайёрлаш ва сақлашда гумонланиб Истанбулнинг Баҳчешеҳир мавзеидаги уйидан олиб кетилган. Маълум қилинишича, Алишер Турсунов ҳибсга олинган куннинг ўзида адвокатлари иштирокида дастлабки суриштирув ўтказилган. Ўша куни адвокатларга билдирилган охирги маълумотга кўра, суриштирувдан сўнг Алишер Турсунов Истанбулдаги Депортация марказига ўтказилиши, эртасига эса у ердан озод қилиниши керак бўлган. Орадан 4 кун ўтган бўлса-да, Иммиграция бошқармаси Мубашшир Аҳмаднинг қаердалиги, соғлиғи ва суд жараёни ҳақида адвокатларига ҳам, яқинларига ҳам ҳеч қандай маълумот бермаган. Туркия қонунчилигига кўра, назоратда ушлаб турилган шахснинг оиласига бу ҳақида маълумот берилиши, унинг ўзига ҳам яқинлари билан мулоқот қилишга изн этилиши белгилаб қўйилган. Шундан сўнг, узоқ йиллардан буён қандли диабет ва юқори қон босимидан азият чекиб келаётган Мубашшир Аҳмаднинг оиласи ва яқинлари унинг аҳволидан ҳавотирга тушиб, ижтимоий тармоқларда норозилик постлари кўпайди. Бу орада Мубашшир Аҳмад Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Уни 9 май куниёқ шошилинч тарзда депортация қилишмоқчи бўлишган, лекин жамоатчилик аралашуви туфайли Эдирне шаҳрига жўнатилгани иддао қилинди.
Туркиялик адвокат Иброҳим Эргин Мубашшир Аҳмаднинг Эдирнедаги Миграция идорасида разведка назорати остида сақлангани ва кейинчалик яна Истанбулга қайтарилганини очиқлади. Бу орада адвокат диний уламо ноқонуний тарзда юридик тизимдан четлаб ўтилган ҳолда Ўзбекистонга топширилган деган даъвони олға сурди.
Ушбу воқеалардан кўп ўтмай, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Алишер Турсуновнинг Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинганини расман тасдиқлади. Маълум қилишича, фуқаро Алишер Аҳмадович Турсунов жорий йилнинг 8 май куни Туркияда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиниб, 10 май куни Ўзбекистонга депортация қилинган.
Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонга олиб келингандан сўнг унга оид суд иш сурукали равишда бир неча марта кейинга қолдирилган ва жамоатчилик орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган. Ваниҳоят сўнгиси эса 8 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида кўриб чиқилган.
Сўнгги сўзини билдирар экан, Мубашшир Аҳмад фаолиятини холис тарзда олиб борганини айтган ва ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, фақатгина диний мазмундаги материалларни ваколатли органлар рухсатисиз ва Дин ишлари бўйича қўмитанинг розилигисиз эълон қилганини тан олган, бу ҳам у Ўзбекистондан ташқарида бўлгани учун содир бўлганини билдирган. Судланувчи вояга етмаган фарзандлари борлиги, оила боқувчиси экани, соғлиғидаги муаммолар, қолаверса илмий изланиш олиб бораётганини инобатга олган ҳолда суддан енгиллик беришни сўраган.
Бир соат давом этган суд муҳокамасидан сўнг, Мубашшир Аҳмад Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Шу билан бирга, интернет тармоғидаги Facebook, Instagram ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери ҳамда YouTube видеохостингидаги Мубашшир Аҳмад ва “Azon Global” – Муқобил ахборот-таҳлилий канали номли саҳифалар (каналлар) фаолияти тўхтатилиб, блокланиши белгиланди.
Live
Барчаси