Адвокат қотиллик ишида ChatGPT’га ишониб, судга уйдирма гувоҳларни киритди
Олам
−
12:52 954 2 дақиқа
АҚШда адвокат қотилликда айбланган мижозининг ишини апелляция қилиш учун судга ChatGPT ёрдамида тайёрланган, сохта гувоҳлар ва уйдирма полиция кўрсатмалари келтирилган ҳужжатни топширди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Нью-Мексико Олий суди адвокат Стивен Ааронзни ҳужжатдаги маълумотларнинг тўғрилигини текширмагани учун 5 минг доллар жаримага тортган ва уни судга ҳурматсизлик қилган деб топган. Шунингдек, адвокат интизом кенгашига текширув учун юборилиши билдирилган.
Маълум қилинишича, суд ҳужжатида бутунлай ўйлаб топилган гувоҳларнинг ёлғон кўрсатмалари бўлган. Жумладан, отишмани содир этган шахс қора шим ва оқ кўйлак кийган деган уйдирма маълумот ҳам киритилган.
Ааронзнинг айтишича, у ўтган йили судланувчининг апелляция ишини олишга рози бўлганидан сўнг суд жараёни баённомаси ва бошқа материалларни ChatGPT’га юклаган. Адвокат дастур уларга асосланиб мукаммал хулоса тайёрлайди, деб ўйлаган.
У сунъий интеллект мавжуд бўлмаган фактларни ўзи яратиб юбориши мумкинлигини етарлича тушунмаганини тан олган.
“Мен бундан афсусдаман ва интизом кенгаши буни ҳалол хато сифатида ҳисобга олади, деб умид қиламан”, деган Ааронз.
Унинг таъкидлашича, бу ҳолат кучли, аммо баъзида хато қилиши мумкин бўлган технологиядан фойдаланадиган барча мутахассислар учун сабоқ бўлган.
Нью-Мексико Олий суди эса адвокатнинг сунъий интеллект хатолари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаганидан ҳайратланган. Судья Шеннон Бейкон адвокатларнинг СИ галлюцинацияларига таяниши муаммоси ҳар куни оммавий ахборот воситаларида ёритилаётганини айтган.
У 21 августдаги суд мажлисида компьютер томонидан яратилган суд баённомаси ва ишга оид бошқа материалларни ChatGPT’га киритганини қайд этган.
Суднинг бу қарори АҚШда адвокатларнинг сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган ҳужжатларни етарлича текширмасдан судга тақдим этиши билан боғлиқ сўнгги ҳолатлардан биридир. Аввал ҳам ўнлаб адвокатлар СИ томонидан ўйлаб топилган суд ишлари бўйича ҳаволалар ёки қонунларнинг нотўғри келтирилиши сабаб жазоланган.
Бироқ Ааронзнинг иши улардан фарқли равишда СИ томонидан нафақат ҳуқуқий маълумотлар, балки гувоҳлар ва уларнинг кўрсатмалари ҳам ўйлаб топилгани билан ажралиб туради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий янги ўқув йилидан бошлаб АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги давлат мактабларида бошланғич ва ўрта синф ўқувчиларининг сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиши тақиқлангани хабар қилинганди.
Live
Барчаси