Гулнора Каримованинг $10 млни Ўзбекистонга қайтарилди. Бу пуллар нимага сарфланиши айтилди
Жамият
−
15 Февраль 2022
25862Ўзбекистон ваколатли давлат органларининг мамлакат Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова томонидан жиноий йўллар билан эгалланган мол-мулкларини мамлакатга қайтариш бўйича амалга ошираётган ишлари натижасида Франциядан 10 миллион АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, жорий йил 11 февралда Швейцария ва Ўзбекистон ўртасида музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтди. Унда томонлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўптомонлама траст жамғармасини (Жамғарма) ташкил этиш бўйича келишувга эришган.
“Ҳозирги кунда тахминан 131 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр”, дейилади вазирлик хабарида.
Бундан ташқари, Москва шаҳар суди томонидан Ўзбекистон судларининг Гулнора Каримова ва унинг шерикларига нисбатан чиқарган ҳукмлари тан олинган ва ҳозирда Россия томони билан Ўзбекистон Республикасига қайтариш учун мусодара қилинган мол-мулкларни сотишни ташкиллаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Вазирликка кўра, Каримованинг қайтарилган пуллари БМТнинг Барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистондаги дастури (UNSDCF)га мос лойиҳалар учун ажратилади.
Қайтарилган маблағлар аҳоли фаровонлигини яхшилаш учун ижтимоий соҳага сарфланиши таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда ҳам Каримова хорижга олиб кетган маблағларнинг 10 млн доллари Ўзбекистонга қайтарилганди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
LiveБарчаси