Абрамович Британия санкцияларига қарши “уруш” эълон қилди
Спорт
−
08 Июнь 2022
19522Англиянинг “Челси” клубининг собиқ хўжайини Роман Абрамович ўзига нисбатан Буюк Британия ҳукумати томонидан киритилган санкцияларга қарши чиқишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда “Тhe Times” нашри хабар берди.
Манбага кўра, тадбиркорнинг адвокатлари Европа Иттифоқи ҳукуматларига ҳужжатлар юбориб, улар ёрдамида россиялик тадбиркорга нисбатан қўлланилган санкцияларга қарши чиқишни режалаштирган.
Қайд этиш жоизки, Абрамовичнинг адвокатлари тадбиркорга нисбатан қўлланилган санкциялар камситувчи ва ёлғон айбловларга асосланганини таъкидламоқда. Адвокатларнинг фикрига кўра, Роман Абрамовичнинг бир ўзи Россия давлатининг бош ҳомийи бўла олмайди. Шу сабаб унга нисбатан киритилган чекловларда мантиқ йўқ.
Аввалроқ, Лондоннинг “Челси” клуби шу йилнинг май ойи охирида Тодд Боули бошчилигидаги консорциум тасарруфига ўтгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Украинадаги уруш ортидан Британия ҳукумати россиялик тадбиркорни санкциялар рўйхатига киритди ва Роман Абрамовичнинг Англиядаги барча активлари музлатилди. Шу туфайли, Абрамович "Челси" жамоасини сотувга қўйишга мажбур бўлди. Кейинроқ Англия Премьер лигаси раҳбарияти россиялик тадбиркорни Лондон клубини бошқаришдан четлаштирди.
Маъруф Абдумаликов
LiveБарчаси