Абхазия парламенти Россия билан можароли келишув ратификациясини рад этди
Олам
−
03 Декабрь
2483Тан олинмаган Абхазия республикаси парламенти навбатдан ташқари йиғилишда Россия юридик шахсларининг мамлакат ҳудудида инвестицион фаолият олиб боришига оид Абхазия-Россия келишувини ратификация қилишга қарши овоз берди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди.
“Россия юридик шахсларининг Абхазия ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги келишувни ратификация қилиш ҳақидаги қонун лойиҳаси қабул қилинмади”, дейди Халқ мажлиси спикери Лаша Ашуба овоз беришдан сўнг.
Йиғилишда қатнашган 23 депутатдан 21 нафари келишувни ратификация қилишга қарши овоз берган, икки киши бетараф қолган. Парламентнинг умумий таркиби эса 35 депутатдан иборат. Шундан сўнг парламент биноси олдида тўпланган мухолифат тарафдорларига Халқ мажлиси депутати Кан Кварчия мурожаат қилган.
“Парламентнинг ушбу қарори Россияга қарши қаратилмаган. Бу мажбурий чора, чунки Абхазия учун зарарли бўлган келишувни ратификация қилиш мумкин эмас эди. Ижро ҳокимияти буни тушунади ва келишувни парламентдан қайтариб олади, деб умид қилгандик, аммо бу амалга ошмади. Ушбу келишувни тайёрлаш ва имзолашда иштирок этганлар бор. Улардан бири “президент” эди ва у истеъфога чиқди”, деган депутат.
Кварчиянинг сўзларига кўра, яқин вақт ичида парламентнинг навбатдан ташқари яна бир йиғилишини ўтказиш ташаббуси кўтарилади ва унда бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт вазири Кристина Озганга ишончсизлик вотуми билдириш масаласи кўриб чиқилади.
Маълумот учун, мазкур келишув жорий йилнинг 30 октябрь куни Москвада Россия Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ва Абхазия иқтисодиёт вазири Кристина Озган томонидан имзоланган. Абхазия ҳукумати бу келишув республика иқтисодиётига Россия инвестицияларини жалб қилишга қаратилганини таъкидлаган. Ҳужжатда Россия инвесторларининг Абхазия ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш шартлари белгиланган. Асосий шарт – Россиядан келадиган сармоя ҳажми ҳар бир лойиҳа учун камида 2 миллиард рубль бўлиши керак.
Бироқ мухолифат келишувни танқид қилиб, бу маҳаллий бизнесни қийин аҳволда қолдириши ва Абхазия миллий манфаатларига путур етказишини билдирди. Хусусан, улар бир қанча намойишлар ўтказиб, республика раҳбарининг истеъфосини талаб қилди. Бунинг ортидан 19 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишда Абхазия парламенти “президент”нинг истеъфосини қабул қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абхазия вице-президенти Бадра Зурабович Гунба Аслан Бжания истеъфога чиққанидан сўнг давлат раҳбари вазифасини ўз зиммасига олган эди.
LiveБарчаси