Абхазия парламенти “президент” истеъфосини қабул қилди
Олам
−
19 Ноябрь
1561Тан олинмаган Абхазия Халқ мажлиси (парламенти) мамлакат “президент”и Аслан Бжания истеъфосини қабул қилди. Бу ҳақда “Апсныпресс” хабар берди.
Қайд этилишича, Бжания истеъфо ҳақидаги аризасини ҳокимият вакиллари ва мухолифат ўртасидаги музокаралар чоғида эришилган келишувларга мувофиқ тақдим этган. Ўз навбатида, норозилик билдираётганлар эгаллаб олган ҳукумат биноларини бўшатишга ваъда берган.
Давлат раҳбари вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб вице-президент Бадра Гунба тайинланган.
Маълумот учун, Абхазияда норозилик намойишлари бир ҳафта олдин Россия билан тузилган инвестиция битимидан норозилик туфайли бошланган. Намойишчиларга кўра, улар Россия билан муносабатларга қарши эмас, аммо россиялик олигархларнинг ҳаракатларидан ва Бжаниянинг келишувни “ўз манфаати йўлида ишлатишидан” хавотирда.
Намойишлар давомида бир қанча мухолифат вакилларининг ҳибсга олинишига жавобан норозилик билдирувчилар ҳукумат бинолари мажмуасини, шу жумладан Халқ мажлиси биносини эгаллаб олган ва “президент”нинг истеъфосини талаб қилган эди. Бжания эса келгуси сайловларда иштирок этишини ва кўпмиллатли Абхазия халқи ўз етакчисини ким деб танлашини билиб олишни ваъда қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аслан Бжания истеъфога чиқиш ҳақида ариза берган эди.
LiveБарчаси