Абхазия Россиядан электр энергияси сўради
Олам
−
21 Декабрь
2912Тан олинмаган Абхазия президенти вазифасини бажарувчи Бадра Гунба фуқароларга мурожаат қилиб, Россия керакли ёрдам бермаётганини айтди. Бу ҳақда “Apsnypress” хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, ноябрь ойидаги сиёсий инқироз даҳшатли оқибатларга олиб келган, давлат бюджети асоссиз юк остида қолган. Шунингдек, Россиянинг Абхазияга ёрдам кўрсатиш бўйича энг муҳим дастурлари тўхтатилган, иш ҳақи ва ижтимоий тўловларни кечиктириш муаммоси пайдо бўлган.
“Иттифоқчи билан муносабатларни бундай ҳолатга келтириш мумкин эмас, дейишни ўринли деб биламан. Мен Абхазия Республикаси президенти вазифасини бажарувчи сифатида иттифоқдошимиз ва стратегик ҳамкоримиз Россия Федерациясига инсонпарварлик ёрдами билан электр энергияси етказиб бериш масаласини ҳал этишни сўраб мурожаат қилдим. Умид қиламанки, бу мурожаат тезроқ қўллаб-қувватланади”, деган у аҳолига.
Қолаверса, у Россияни ўзининг асосий иттифоқчиси ва стратегик ҳамкори деб атаган.
Гунба, шунингдек, Абхазияда 2025 йил 15 февралга белгиланган президентлик сайловларида иштирок этишга қарор қилганини маълум қилган.
Маълумот учун, Россия жорий йилнинг 1 сентябридан Абхазияда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, шифокорлар ва ўқитувчиларга ижтимоий тўловларни тўлашни тўхтатган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тан олинмаган Абхазия вице-президенти Бадра Зурабович Гунба Аслан Бжания истеъфога чиққанидан сўнг давлат раҳбари вазифасини ўз зиммасига олганди.