Абдусатторов халқаро турнирда польшалик рақиби билан дуранг ўйнади
Спорт
−
24 Февраль 2023
5369Германиянинг Дюссельдорф шаҳри мезбонлик қилаётган шахмат бўйича нуфузли “WR Chess Masters” турнири ўз поёнига етиб бормоқда. 23 февраль куни мусобақанинг 7-тур ўйинлари ўтказилди.
Бу турда ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда польшалик Ян Кристоф Дудага қарши дона суриб, дурангга имзо чекди. 7 та турдан сўнг Нодирбек 3 очко билан турнир жадвалида 9-поғонани банд этган. 9-турда Абдусатторов билан дуранг ўйнаган Кристоф Дуда эса 10-ўринни эгаллаб турибди.
Мусобақа жадвалининг кучли учлигида ўзгариш бўлгани йўқ. Ҳамон АҚШ вакили Левон Аронян чемпионлик учун энг яхши имкониятга эга бўлиб турибди. Унинг ҳисобида 4,5 очко мавжуд. Ҳиндистонлик Гукеш Домаржу ҳам етти турдан сўнг 4,5 очкога эга бўлди. Яна бир америкалик шахматчи Уэсли Со эса кучли учликни якунлаган.
Бугун, 24 февраль куни мусобақанинг 8-тур баҳслари бўлиб ўтади. Тур доирасида Нодирбек Абдусатторов нидерландиялик Аниш Гирига қарши ўйин ўтказади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 18:15 да старт олади.