Абдусатторов 225 минг долларлик турнирнинг блиц йўналишида ғолиб бўлди
Спорт
−
30 Май 2023
7509Кеча, 29 май куни Норвегиянинг Ставангер шаҳрида шахмат бўйича нуфузли “Norway Chess 2023” турнири бошланди. Мусобақада ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов муваффақиятли иштирок этди.
Абдусатторов супертурнир блиц баҳсларининг 9 та тур ўйинида 6 очко жамғариб, ғалабага эришди. 29 май кунги дастурда Нодирбек АҚШ вакили Фабиано Каруана, норвегиялик Арян Тари, америкалик Уэсли Со, нидерландиялик Аниш Гири ва ҳиндистонлик Гукеш каби таниқли шахмат усталарини мағлуб этди.
Шундай қилиб, Абдусатторов турнирнинг блиц йўналишида 1-ўринни эгаллади. У блиц йўналишида америкалик Ҳикару Накамура ва норвегиялик Магнус Карлсен каби азалий рақибларига имкониятни бой берган бўлса ҳам, турнир жадвалида уларни ортда қолдирди.
Бугун, 30 май куни мусобақанинг классик йўналишида баҳслар старт олади. Турнир соврин жамғармаси 225 минг АҚШ долларини ташкил қилади.