Абдураҳмоновга тегишли деб айтилаётган беҳаё видео бўйича изоҳ берилди
Жамият
−
14 Апрель 2023
83400Ижтимоий тармоқларга Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов акс этгани иддао қилинган видео сиздирилди. Ушбу видеода шахснинг ножоиз ҳаракатлари тасвирланган бўлиб, тасвирнинг бир қисми хиралашган, ҳоким юзи энг охирида кўринган. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати расмий изоҳ берди.
Қайд этилишича, мазкур видео ортидан ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифаларда вилоят ҳокимининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда обрўсизлантирувчи ҳақоратомуз постлар эълон қилинган.
Ҳокимликка кўра, инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситилишига олиб келувчи маълумотлар тарқатганлик ҳолати бўйича прокуратура органларига белгиланган тартибда шикоят аризаси юборилган.
Ҳозирда қонунга хилоф бундай маълумотлар тарқатган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонун доирасида чора кўриш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Ҳокимликнинг эслатишича, Ўзбекистон Конституциясининг 13-моддасига кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
“Ушбу олий қадриятни бузганлик учун қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгиланган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ишдан олингани ҳақида хабар берилганди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳокимнинг ишдан олинганини рад этди.
Андижон вилояти ҳокимлиги Матбуот хизматига кўра, бугун, 14 апрель куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Пахтаобод туманининг Дўстлик массивида 55 гектар майдондан иборат саноат зонасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши билан танишган.
Шунингдек, ҳоким зонадаги иш суръати ва сифатига аҳамият қаратган ҳолда қурилиш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш борасида топшириқ ва кўрсатмалар берган.
LiveБарчаси