Абдураҳмонов қарорида вазирлар ва Ортиқхўжаевга топшириқ берди

Жамият

image

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Ўзбекистон Президентининг “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш учун қабул қилган қарорида вазирлар ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга кўрсатмалар берди. Ҳокимнинг тегишли қарори e-qaror платформасида эълон қилинган.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 июндаги ПҚ-294-сонли қарори ҳақида”ги ҳоким қарорида Президент имзолаган ҳужжат вилоят учун мослаштирилмаган ҳолда тўлиғича келтирилган. Ҳатто Президент қароридаги иловалар ҳам ўзгаришсиз ҳоким имзолаган ҳужжатга киритилган. Аммо иловалар ва дастур қабул қилингани ҳоким қарори матнида алоҳида тилга олинмаган.

Президент қароридаги дастурнинг тўла-тўкис Абдураҳмоновнинг қарорига киритилиши ортидан, Андижон ҳокими ўз ўринбосарларига қарор ижросини назорат қилишни топшириш орқали, вазирлар, республика даражасидаги бошқа идоралар раҳбарлари ва Тошкент шаҳар ҳокимига топшириқлар берган. Бу ўринда ҳужжатнинг ҳудудга алоқадор қисмларини ажратиш, уни бажарувчи бошқарма ва бўлимларга ҳам вазифалари тушунарли бўлишига хизмат қилган бўларди.

Андижон вилояти ҳокимлиги мазкур ҳолатга ўз муносабатини билдирди.

Қайд этилишича, Андижон вилояти ҳокимининг мазкур қарори Ўзбекистон Республикаси “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2021 йил 15 ноябрдаги 19-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган (рўйхатдан ўтказилган рақами 3333) Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, юридик техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш қоидаларига асосан, белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Ҳокимлик қарордаги хатолик экани айтилаётган масалага тўхталиб, ҳужжат етарлича пухта ишланмаган дейишга қарорнинг “й” кичик банди сабаб бўлаётганини, аммо жумланинг охири, яъни “л” кичик банди ўқилганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида берилган топшириқларнинг барчаси маълумот ва ижро учун қабул қилингани маълум бўлишини таъкидлаган.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори матни вилоят ҳокимининг қарорида сўзма-сўз келтирилганлиги, вилоят ҳокимининг қарори бошқа қуйи ташкилотларга юборилиши муносабати билан уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорининг мазмунини тўлиқ етказиш мақсад қилинган”, дейилади ҳокимлик муносабатида.

Бундан ташқари, ҳокимлик қарорга илова қилинган рўйхат ва дастурлар қарорга илова қилинаётганлиги кўрсатилмаганлигига тўхталиб, вилоят ҳокими қарорининг “г”, “е”, “л” (Президент қарори сўзма-сўз келтирилган ўринлар) кичик бандларида иловалар тасдиқланганлиги кўрсатилганини таъкидлаган.

Шу билан бирга, Президент қароридаги дастур ва иловалар ипидан-игнасигача ҳокимлик ҳужжатида акс эттирилганига изоҳ берилиб, вилоят ҳокими қарорининг 7-бандида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, масъул бошқарма ва ташкилотлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларига мазкур қарордан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда иш ташкил қилиниши ва белгиланган вазифалар ижросини ўз вақтида бажарилишини таъминлаши тўғрисида топшириқ берилганлиги қайд этилган.

“Вилоят ҳокимининг қарори масъул бошқарма ва ташкилотларга ҳам юборилишини эътиборга олиниб, дастур тўлиқ тушунарли бўлиши учун дастур ўзгартиришларсиз вилоят ҳокимининг қарорига илова қилинган”, дея тушунтирилган ҳокимлик муносабатида.

Ҳокимлик муносабатида айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2021 йил 15 ноябрдаги 19-мҳ-сонли буйруғи билан тасдиқланган (рўйхатдан ўтган рақами 3333) Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, юридик техник жиҳатдан расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш қоидаларининг “в” кичик бандида муқаддам белгиланган тартибни ижро этишни ташкил этишга йўналтирилган ҳамда янги ҳуқуқий нормаларни ўз ичига олмаган, шу жумладан, бутун мазмуни бошқа органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳужжатлари тўғрисида хабардор қилишдан иборат бўлган ҳужжатлар ҳудудий адлия органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмаслиги кўрсатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шуҳрат Абдураҳмонов

Баҳолаганлар

313

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг