Абдуллоҳиённинг ўрнига Али Багери Кани вақтинча Эрон ТИВ раҳбари бўлди
Олам
−
20 Май
4647Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багери Кани собиқ ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён вафотидан кейин вақтинчалик ташқи ишлар вазири вазифани бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда “Entekhab” ахборот портали хабар берди.
Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Мохбер бошчилигидаги ҳукуматнинг навбатдан ташқари йиғилишида Али Багери Канининг номзоди тасдиқланган.
Маълумот учун, кеча, 19 май куни Эрон Президентини олиб кетаётган вертолёт Эрон шимоли-ғарбий қисмида қийин қўнишни амалга оширди. Эрон делегацияси Озарбайжондан қайтаётган эди, у ерда Раисий Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашган. Умуман олганда, Президент кортежи учта вертолётдан иборат бўлиб, улардан иккитаси хавфсиз қўнган.
Қидирув операцияси 12 соатдан ортиқ давом этди. 20 май куни Эрон Қизил ярим ой жамияти вертолёт қулаган жойни топди. Раисий, мамлакат Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳмати ва бошқа расмийлар вертолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлган. Ҳаммаси бўлиб, бортда камида саккиз киши, жумладан, икки учувчи ва бир техник ходим бўлган.
Вертолёт қулаган жойда қутқарув ишлари якунланди. Қурбонларнинг жасадлари Шарқий Озарбайжон вилоятининг маркази Табризга етказилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эроннинг амалдаги вице-президенти Муҳаммад Мохбер вақтинчалик Эрон Президенти бўлиши маълум қилинганди. Мамлакат парламенти Ички ишлар қўмитаси раиси Муҳаммад Солиҳ Жокар Эронда навбатдан ташқари президентлик сайловлари келаси 50 кун ичида бўлиб ўтиши кераклигини айтди. Эрон олий диний раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий Президент Иброҳим Раисий ва унинг ҳамроҳлари вертолёт ҳалокатида вафот этгани муносабати билан 5 кунлик мотам эълон қилди. Раисийнинг дафн маросими эртага, 21 май куни Табриз шаҳрида бўлиб ўтиши билдирилди.
LiveБарчаси