Абдуллоҳиён Исроил дронларини ўйинчоқларга қиёслади
Олам
−
20 Апрель
9568Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён Исфаҳон осмонида уриб туширилган Исроил учувчисиз самолётларини болалар ўйинчоқларига қиёслади. Бу ҳақда у Американинг NBC телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
"Кеча содир бўлган воқеа зарба эмас эди. Улар [дронлар] бизнинг болаларимиз ўйнайдиган ўйинчоқларга ўхшарди, улар дронлар эмас", дейди у.
Эрон вазири билан суҳбат Нью-Йоркда бўлиб ўтди, Абдуллоҳиён у ерда Фаластиннинг ташкилотга кириши масаласи бўйича БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида иштирок этди. Журналистлар билан суҳбат чоғида Абдуллоҳиён Эрон "ўйинчоқ" ҳужумига жавоб бермоқчи эмаслигини аниқ айтди.
"Бизнинг манфаатларимизга қарши янги Исроил саргузаштлари бўлмагунча, бизда янги реакция бўлмайди", деди у.
Шу билан бирга, Абдуллоҳиён Исроилни Эронга ҳужум уюштиришдан огоҳлантирди ҳамда жавоб яшин тезлигида ва шиддатли бўлишини қўшимча қилди.
"Агар Исроил менинг мамлакатимга қарши қатъий чоралар кўрса ва бу бизга исботланса, бизнинг жавобимиз дарҳол ва максимал даражада бўлади ва уларни пушаймон қилади", дейди у.
Эрон ва Исроил зиддиятининг кескинлашуви
1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг 7 нафар аъзоси ҳалок бўлди, улардан икки нафари генерал даражасида эди.
Эрон Исроилнинг консулликка ҳужуми ўз ҳудудига қилинган ҳужум эканини ва у ўч олишини айтди.
Исроил ҳам Эрон ҳужумларига жавоб беришини эълон қилди.
14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди ва баъзи ҳарбий нишонларга зарба берилганини айтди.
Исроил ҳужумларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганини билдирди, бироқ битта ракета мамлакат жанубидаги ҳарбий базага тегди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 19 апрель куни эрталаб Американинг ABC телеканали АҚШ расмийсига таяниб, Исроил Эрон ҳудудидаги объектга ракета зарбаси бергани ҳақида хабар берди. CNN америкалик мулозимга таяниб, бу ҳужум Исроилнинг 14 апрелдаги Эрон ҳужумига жавоби бўлганини таъкидлади.
Эрон матбуотида эса мамлакат шаҳарларига ҳеч бир давлат томонидан ҳужум қилинмагани ҳақида хабар берилди. Эрон Миллий киберкосмик маркази вакили Ҳусайн Далирян Х’даги саҳифасида Исфаҳон шаҳри осмонида уриб туширилган учувчисиз самолётлар республика ҳудудидан учирилганини ёзди. Эрон армияси қўмондони генерал-лейтенант Абдулраҳим Мусавий Исфаҳон осмонида эшитилган портлаш ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларининг номаълум объектларга қарши ишлаши натижасида содир бўлганини айтди. “Reuters” агентлиги Эроннинг юқори мартабали мулозимига таяниб, Эрон ўз ҳудудига қилинган ҳужумга ҳозирча жавоб қайтармоқчи эмаслигини ёзган бўлса, CNN Исроил ва Эрон бир-бирига қарши янги ўзаро зарбалар бериш ниятида эмаслигини хабар қилди.
LiveБарчаси