Абдулла Арипов ва Отабек Умаров Грознийда Рамзан Қодиров билан учрашди (видео)
Жамият
−
17 Июль
15641Кеча, 16 июль куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров Чеченистоннинг Грозний шаҳрида ўтказилаётган Кавказ инвестиция форуми доирасида Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан учрашди. Бу ҳақда Қодировнинг Telegram-каналида маълум қилинди.
Қайд этилишича, суҳбат чоғида ҳудудлар ўртасидаги қатор соҳалардаги ҳамкорликнинг асосий масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, стратегик ҳамкорликни ривожлантириш мавзусига ҳам тўхталиб ўтилган.
“Чеченистон Ўзбекистон билан яқин қардошлик муносабатларини қадрлайди ва бу алоқаларни янада мустаҳкамлашга интилади”, деб ёзди Қодиров.
Шунингдек, Бош вазир Арипов Рамзан Қодировга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий тилакларини етказган.
“Россия Президенти Владимир Путиннинг яқинда бўлган ташрифи Россия ва Ўзбекистон муносабатларида янги саҳифа очди”, дейди Арипов.
Билдирилишича, суҳбатдан сўнг Абдулла Арипов ва Отабек Умаров Грозний халқаро аэропортига йўл олган.