Абдулла Арипов учинчи бор Бош вазирликка тайинланди

Жамият

image

Ўзбекистонда Сенат Раиси, Бош прокурор ҳамда вилоят ҳокимлари қатори Бош вазир ҳам ўзгаришсиз қолди. Бу ҳақда бугун, 20 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтаётган мажлисда маълум қилинди. Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакат ҳукуматининг ўтган 5 йилликдаги фаолияти таҳлил қилиниб, эришилган ютуқлари сарҳисоб қилинди ва Бош вазирлик лавозимига Президент томонидан Абдулла Арипов номзоди тақдим этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Бош вазир лавозимига кўрсатилган Абдулла Арипов номзодини кўриб чиқди. Номзод Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини тақдим этди. 

Депутатлар ва фракциялар раҳбарлари сўзга чиқиб, номзод ва дастур юзасидан ўз фикрларини билдирди.

Номзод ва ҳукуматнинг дастури кўриб чиқилгач, Бош вазир лавозимига номзодни маъқуллаш масаласи овоз беришга қўйилди. Яширин овоз бериш йўли билан депутатлар Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига маъқуллади.

Шунинг билан, Абдулла Арипов номзоди ўтган 8 йил давомида учинчи марта Бош вазир лавозимига қайта тайинланди. У 2016 йил 13 декабрда Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси томонидан Бош вазирлик лавозимига номзоди кўрсатилган. 14 декабрда эса ушбу лавозимга тасдиқланган. 2020 йил январь ойида эса у Бош вазир лавозимига қайтадан тасдиқланган.

Маълумот учун, 1961 йил 24 май куни Тошкентда таваллуд топган. 1983 йил Тошкент электротехника алоқа институтини (ҳозирги Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети) муҳандис-телекоммуникация мутахассислиги бўйича тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди, доцент. У ўзининг илк меҳнат фаолиятини 1983-1992 йилларда Тошкент телефон-телеграф станциясида электроника муҳандислигидан бошлаган.

  • 1992-1993 йилларда Алоқа вазирлигида бош мутахассис, “Ўзимпексалоқа” ташқи савдо компанияси директори ўринбосари, Алоқа вазирлиги қурилиш-таъминот бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. 

  • 2002 йилда эса Арипов Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – Алоқа ва ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари комплекси раҳбари этиб тайинланган. Шу билан бирга, 2005-2009 йилларда Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига раҳбарлик қилган.

  • 2012 йилда яна Бош вазир ўринбосари, Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар мажмуасига раҳбарлик қилган. 

  • У 2021 йилда Шавкат Мирзиёев ўз фармони билан “Фидокорона хизматлари учун” ордени, шунингдек, “Меҳнат шуҳрати”, Қозоғистоннинг II даражали “Дўстлик”, Тожикистоннинг II даражали "Исмоил Сомоний" ордени билан мукофотланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулла Арипов Бош вазир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг