Абдулла Абдуқодиров лавозимидан озод этилди
Жамият
−
10 июл 9275 2 дақиқа
Бугун, 10 июль куни Абдулла Мамасаатович Абдуқодиров бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори вазифасини бажарувчиси лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти тегишли фармонни имзолади.
Маълумот учун, Абдулла Абдуқадиров Мамасаатович 1961 йил 19 февралда Тошкент шаҳрида туғилган бўлиб, 1982 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини тамомлаган. Абдуқодиров иқтисодиёт фанлари доктори, иқтисодиёт соҳасида кўп йиллик тажрибага эга мутахассис ҳисобланади.
Меҳнат фаолиятини Фанлар академияси Иқтисод институтида илмий ходим сифатида бошлаган. Кейинчалик Молия вазирлигида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган, жумладан вазир ўринбосари ва вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
Шунингдек, Давлат мулк қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва такомиллаштириш маркази бош директори лавозимларида ишлаган. Фаолияти давомида хусусий сектор ва банк тизимида ҳам ишлаган, хусусан ABN AMRO банкининг Ўзбекистондаги филиалида бошқарув раиси ўринбосари, Инфинбанк кузатув кенгаши аъзоси бўлган.
Сўнгги йилларда инвестициялар ва стратегик ривожланиш йўналишида фаолият юритиб келмоқда. 2020–2022 йилларда инвестициялар ва ташқи савдо вазири маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.
2022 йил декабридан агентлик директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. Президентнинг жорий йил 12 майдаги фармони билан Абдулла Абдуқодиров Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.
Live
Барчаси