Триллионлаб инвестициялар қаерга кетяпти?
Интервью
−
24 Май 2023
17155Ўзбекистонга киритилаётган инвестициялар ҳажми йилдан йилга ошмоқда. Масалан, Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2021 йилнинг биринчи чорагининг ўзида мамлакатнинг асосий капиталига ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 42 трлн сўмни ташкил қилган. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг январь-март ойларида эса 50 трлн сўмдан ошиқ. 2023 йилда эса бу рақам янада юқорилади. Уч ой ичида Ўзбекистоннинг асосий капиталига 56,6 трлн сўм ўзлаштирилган. Аммо одамлар учун бу рақамлар муҳим эмас. Уларни кўпроқ Ўзбекистонга киритилаётган инвестициялар, олинаётган қарзлар нимага сарфланаётгани, нега бундай катта рақамли маблағлар халқ ҳаётига ижобий таъсир қилмаётгани қизиқ. Уларни қизиқтирган саволга эса QALAMPIR.UZ 16-18 май кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Европада тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши давомида таниқли иқтисодчи, Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори Абдулла Абдуқодировдан жавоб олди.
“Сиз келтирган рақамлардаги инвестициянинг асосий қисми мавжуд инфраструктурани ўз ҳолида сақлаб туришга қаратилган бўлади. Шунинг учун аҳоли буни сезмайди. Агар мамлакатда бирданига газ, чироқ ёки сув бўлмай қолса, ҳамма муаммо борлигини билади. Лекин газ, сув, чироқ бўлиб турса, буни сезиш қийин бўлади. Вазиятни шу аҳволда бўлса ҳам ушлаб туриш учун каттароқ инвестиция керак. Аҳоли сони кўпайгани, давлат иқтисодиёти масштаби кенгайгани сари кўпроқ инвестиция керак бўлади. Инфраструктурага киритилаётган маблағлар эса асосан давлат ҳисобидан, чунки хорижий банклар ёки тадбиркорлар учун Ўзбекистоннинг қайсидир вилоятини сув билан таъминлаш, йўл қуриш муҳим бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳозирги шароитда давлат инвестицияларнинг асосий юкини ўз бўйнига олишга мажбур. Ҳа, бу халқнинг кўзига яққол кўринмаётган бўлса ҳам, лекин чуқурроқ назар солинса, бу инвестициялар бор аслида”, дейди Абдуқодиров.
Унинг айтишича, айни пайтда давлатнинг олдидаги асосий вазифа энергетик мустақилликка эришиш ва буни ушлаб туриш. Шунинг учун мамлакат бўйлаб қуёш ва шамол энергетикасига кўплаб инвестициялар киритилмоқда. Лекин ҳалигача Ўзбекистоннинг энергетика тизимида қуёш ва шамол электростанцияларининг улуши кам бўлиб, умумий электр энергиясининг 10 фоизини ташкил қилади. Асосий энергия табиий газ улушига тўғри келиб, бу эса қиш мавсумида оғир муаммоларни келтириб чиқармоқда.
ЕТТБ ҳам айнан шу соҳага кўп маблағ ажратмоқда. Самарқадда бўлиб ўтган 32-йиллик йиғилишда ҳам бир қатор йирик шартномалар имзоланди. Масалан шамол электростанциясини қуриш учун Нукусда 19 миллион доллар, энергетика соҳаси учун умумий 3,6 трлн ажратилди. Бу эса юқорида санаб ўтилган инвестицияга боғлиқ рақамлар ҳажмини янада оширади. Аммо бу рақамлар нега халқ ҳаётида катта ўзгаришларни ҳосил қилмаётгани ажабланарли. Одамлар 30 йилки қиш келиши билан уйида, мактабда ва ишхонасида совуққотади. Нима учун?
“Энергетика соҳасида мўжиза рўй бериб, бирданига ҳамма муаммолар ҳал бўлади, деб ўйласак, қаттиқ хато қилган бўламиз. Чунки бу муаммолар йиллар давомида йиғилиб келган, айниқса, газни қазиб олиш соҳасида. Эътибор беришимиз керакки, бугунги кунда бизда энергетиканинг 90 % газни ёқиш орқали олинади. Менимча, Ўзбекистондаги аҳоли пунктларига ҳам электр энергияси, ҳам газ етказиб бериш бу жуда катта муаммо. Шунинг учун биз битта йўналишни танлашимиз керак. Агар бу электр энергияси бўлса, уни ташиш ҳам, етказиб бериш ҳам осон бўлар эди. Одамлар электр энергияси билан уйини ёритиши, иситиши, овқат пишириши, телевизор кўриши мумкин. Чунки буни ташиш, етказиб бериш осонроқ. Демак, биз чекка қишлоқларга ҳам электр этказиб бериш дастурига ўтишимиз керак. Бу 5 йил ёки 10 йил вақтни олса ҳам”, дея ўз мулоҳазалари билан бўлишди иқтисодчи.
Шунга қарамай, у газни қазиб олиш масштабларини ҳам кенгайтиришда давом этиш керак, деган фикрда. Бунинг учун эса давлат геология-қидирув ишларига йирик миқдордаги маблағларни ажратишда давом этиши лозим.
“Бугунги кунда Устюртда 6000 метрдан ошиқ жойларда геология-қидирув ишлари амалга ошириляпти. Умид қиламизки, у ерда катта конлар топилади. Лекин бу бир ёки икки йилда ҳал бўлиб қоладиган иш эмас. Сабаби битта 6000 метрга тушишнинг ўзи учун беш ойгача вақт кетади. Аввало қаерни қазишни билиш керак”, дейди Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари.
ЕТТБнинг Ўзбекистондаги асосий мақсадларидан бири бу иқтисодиётда давлатнинг улушини камайтириш, бозорда эркин рақобатни қўллаб-қувватлаш. Аммо Ўзбекистонда давлат иштирокидаги корхоналар ҳалигача кўп. ЕТТБ давлат корхоналарини хусусийлаштириш бўйича Ўзбекистон олдига аниқ талаблар қўйганми?
Шу ва бошқа саволларга берилган жавоблар билан батафсил QALAMPIR.UZ’нинг Youtube саҳифасидаги видео-интервью орқали танишишингиз мумкин.
LiveБарчаси