Карантин қоидаларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон халқига расмий мурожаат
Жамият
−
21 Март 2020
12730Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси фуқароларга мурожаат йўллади. Унда шундай дейилади:
“Коронавирус тарқалишини олдини олишнинг энг муҳим шарти карантин қоидаларига қатъий ва истисноларсиз риоя этишдир.
Шунинг учун, чет элдан қайтиб келаётган ватандошларимиз, фаолиятида чекловлар ўрнатилган ташкилотлар ва муассасалар, тадбиркорлик субъектлари ва умуман мазкур чекловлар тегишли бўлган барча-барча субъектлар, жисмоний ва мансабдор шахслар давлат томонидан белгиланган карантин қоидалари ва талабларини сўзсиз бажаришларини қатъий сўраймиз.
Амалга оширилаётган кенг қамровли тушунтириш ишлари ва чоралар, жумладан мураккаб шароитда ва тезкор равишда чет элдан қайтиб келаётган кўп сонли ватандошларимиз учун республика ҳудудларида шароитлар қилинганига қарамасдан, кеча Самарқанд вилоятида карантинга олинган маскандан иккита фуқаро қочиб кетган.
Ўзларининг бу масъулиятсизлик хатти-ҳаракати билан мазкур фуқаролар республикадаги бошқа фуқаролар ва яқинлари ҳаётини хавфга қўйган ва бу билан Ўзбекистон қонунларини қўпол равишда бузган. Ушбу фуқаролар ҳозирда ушланган ва изоляция қилинган. Уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.
Шу муносабат билан яна бир марта барча аҳоли қатламларини алоҳида огоҳлантирамиз ҳамда ўз ҳаракатларингиз билан нафақат ўзингиз балки оила аъзоларингиз ва халқимизга зиён етказишингиз мумкинлигини доимо эсда тутишларингизни сўраймиз.
Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун Ўзбекистон қонунчилигида жуда кескин жавобгарлик чоралари кўзда тутилган.
Жиноят кодексига асосан шундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган шахслар 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланиши мумкин.
Вирус кенг тарқалишининг олдини олиш учун фуқаролар жамоат жойларига иложи борича чиқмаслиги, ўз ҳаракатланишини кескин чеклашлари ва умуман олганда жамиятда бир-бирлари орасида масофа сақлашлари зарур.
Ҳурматли фуқаролар, барча белгиланган қоида ва чекловларга тартибли равишда амал қилинсагина, тегишли ташкилотлар талаблари қатъий бажарилсагина, бутун дунёда тарқалаётган ушбу вирусга қарши биргаликдаги, ҳамжиҳатликдаги курашимиз самара беради. Барчангизни шунга чақирамиз.
Ўз навбатида, тегишли мутасадди масъул идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ва ходимлари карантин билан боғлиқ талабларга риоя этилишини 24 соат таъминлаб борилишига шахсан жавобгардирлар”.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 41 нафарга етди.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor