Абдулазиз Комилов Ҳиндистон ТИВ раҳбари билан учрашди
Жамият
−
25 Февраль 2021
3358Бугун, 25 февраль куни Нью-Деҳли шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон-Ҳиндистон кўп қиррали муносабатларининг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқаларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар 2020 йил декабрь ойида бўлиб ўтган онлайн-саммит давомида эришилган келишувлар икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга имкон берганлигини мамнуният билан қайд этди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида янги замонавий саноат қувватларини яратишга илғор технологияларни жалб қилиш ҳамда ижтимоий ва инфратузилма аҳамиятига эга лойиҳаларни амалга ошириш йўллари кўриб чиқилди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари БМТ, ШҲТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари бўйича фикр алмашди.
Афғонистон иштирокидаги “Ҳиндистон – Марказий Осиё” вазирлар мулоқотининг минтақалараро ҳамкорликни жадаллаштириш, унинг механизмларини такомиллаштириш ҳамда Афғонистонда барқарор тинчликни ўрнатишдаги муҳим аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Ҳиндистон томони жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилинди.
Мулоқот давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
LiveБарчаси