Абдуқодир ҳар нега қодир – Спорт дайжести
Таҳлил
−
09 Февраль
7378Якунлаётган ҳафта ўзбек спорти учун хушхабарларга ва бироз нохушроқ хабарларга ҳам бой бўлди. Мисол учун машҳур ўзбек MMA жангчиси автоҳалокатга учради, Баҳодир Жалоловнинг жанги жуда бир кулгили сабабга кўра бекор қилинди. Шу билан бир қаторда ҳафта ўзбек шахматчиларининг халқаро ареналардаги юқори натижалари ва албатта ҳамон тренддан тушмаётган Абдуқодир Ҳусановнинг ЕЧЛ ўйинлари учун рўйхатдан ўтказилгани билан ёдда қолди.
Шу мавзулар юзасидан бугун QALAMPIR.UZning спорт дайжестида гаплашамиз.
Гвардиола Рейсдан кўра Ҳусановни афзал кўрди
“Манчестер Сити” янги футболчиларини расман Чемпионлар лигаси қайдномасидан ўтказди. Бу ҳақда “One Football” нашри хабар берди.
Манбага кўра, “шаҳарликлар” январь ойида жамоага олиб келинган футболчилар Абдуқодир Ҳусанов, Омар Мармуш ва Нико Гонсалесни Чемпионлар лигаси учун қайдномадан ўтказди. Жамоа мураббийи Пеп Гвардиола бразилиялик марказий ҳимоячи Витор Рейсдан кўра, ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусановни рўйхатдан ўтказишга қарор қилган.
Маълумот ўрнида, “Манчестер Сити” Чемпионлар лигаси плей-офф ўйинида “Реал Мадрид”га қарши майдонга тушади. Баҳс 12 февралга ўтар кечаси “Этиҳад” стадионида бўлиб ўтади.
Соврин жамғармаси 750 минг долларлик турнирда ўзбек шахматчиси Карлсенни мағлуб этди
7 февраль куни Германиянинг Вайссенхаус шаҳрида шахмат бўйича нуфузли “Freestyle Chess Grand Slam” турнири старт олди.
Мусобақада иштирок этаётган ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров 5-турда норвегиялик машҳур шахматчи Магнус Карлсенни қора доналарда мағлуб этиб, турнир пешқадамларидан бирига айланиб олди.
Ҳозиргача Синдоров 5 та имкониятда 4,5 очко жамғарган. Америкалик Фабиано Каруана ҳам худди шунча очкога эга.
Эътиборлиси, Синдоров турнирнинг 4-турида ҳиндистонлик амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу билан дуранг ўйнади.
Мусобақада Синдоровдан ташқари яна бир ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ҳам иштирок этмоқда. 5 та турдан кейин Абдусатторов ҳисобида 2,5 очко мавжуд ва ҳозирда Нодирбек турнир жадвалида 4-ўринда бормоқда.
Маълумот учун, турнир баҳслари 14 февралга қадар давом этади. Мусобақа соврин жамғармаси 750 минг АҚШ долларини ташкил этади.
Абдусатторов нуфузли турнирда совриндор бўлди
Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳри мезбонлик қилган шахмат бўйича анъанавий “Tata Steel Chess” мусобақасида ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов совриндорлар қаторидан жой олди. Бу ҳақда турнир матбуот хизмати хабар берди.
Кеча, 2 февраль куни якунланган мусобақанинг охирги 13-турида Абдусатторов оқ доналарда ҳиндистонлик Пентала Ҳарикришнага қарши баҳс олиб бориб, дуранг ўйнади ва 8 очко билан турнирни 3-ўринда тугатди.
“Masters” гуруҳида 1- ва 2-ўринлар ҳиндистонлик гроссмейстерлар Гукеш Доммаражу ва Рамешбабу Прагнандҳага насиб этди. Ҳар икки ҳинд шахматчиси 13 та турда 8,5 очко тўплашга муваффақ бўлди.
“Challenger” гуруҳида қатнашган Нодирбек Ёқуббоев турнирни 4-ўринда якунлади. 13 та турда 8 очко жамғарган Ёқуббоевга кучли учликка кириш учун 0,5 очко етмади. Бу гуруҳда ғолиблик Чехия вакили Ван Нгуенга насиб этди. Нгуен 13 та турда 9,5 очко тўплашга муваффақ бўлди.
Ёқуббоев ўйин олдидан шахмат қоидалари бўйича Рамешбабу Ваишалининг қўлини сиқиб қўймаганди ва бу воқеа муҳокамаларга сабаб бўлди.
Янгиланган FIDE рейтингида Нодирбек Абдусатторовнинг ўрни ўзгармади. Бутунжаҳон шахмат федерацияси (FIDE) январь ойи учун янгиланган рейтингни эълон қилди. Ушбу рейтингдан 5 нафар ўзбекистонлик шахматчи ўрин олди.
Мазкур рейтингда Нодирбек Абдусатторов 2766 очко жамғарган ҳолда 6-ўринни банд этди. Унинг аввалги ўрни ҳам шундай кўринишда эди. Бу ойда Абдусатторовнинг рейтинг очколари 2 тага камайди. Аввалгиси 2768 очко эди. Жавоҳир Синдоров 31-ўринга кўтарилди. Унинг ўтган ойдаги ўрни 37-ўрин эди. Синдоров рейтинг очколарини 2700 тага етказди. Энг кучли шахматчилар рейтингида Рустам Қосимжонов 2681 очко жамғариб, 46-поғонада жойлашган. 2760 очкога эга Шамсиддин Воҳидов 52-ўриндан жой олди. Ўтган ойда 67-ўринда бўлган Нодирбек Ёқуббоев 2659 очко билан бу ойда 68-ўринга тушиб кетди.
Жалоловнинг жанги лабидаги учуқ сабаб бекор қилинди
Ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалоловнинг 7 февраль тонгида бўлиб этиши режалаштирилган франциялик Девид Спилмонтга қарши жанги бекор бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев ўз Instagram саҳифасида маълум қилди.
Тиллабоевнинг айтишича, Жалолов жангдан олдинги тиббий текширувдан ўта олмаган. Гап шундаки, тиббиёт мутахассислари Жалоловнинг лабидаги учуқ сабаб жангнинг ўтказилишига рухсат бермаган.
Қайд этилишича, Жалолов тез орада бошқа турнирда жанг ўтказиши мумкин. Шунингдек, Жалолов-Спилмонт жанги Ўзбекистонда ўтказилиши ҳам эҳтимоли мавжуд.
Маълумот ўрнида, Жалолов профессионал фаолиятида 14 та жанг ўтказган ва барчасида нокаут эвазига ғалаба қозонган. Унинг сўнгги жанги 2023 йилда Тошкентда ўтказилган бокс оқшомида Жанубий Африка вакили Крис Томпсонни биринчи раунднинг ўзида мағлуб этганди. Спилмонт эса охирги жангини 2024 йилда ўтказган ва ўшанда Артем Чарниакевични 4-раундда нокаутга учратган.
Ўзбекистонлик машҳур ММА жангчиси автоҳалокатга учради
Ярим ўрта вазн тоифасидаги ўзбекистонлик ММА жангчиси Шоҳасан Мирзаматов автоҳалокатга учради. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди. Манбага кўра, бахтсиз ҳодиса тахминан 4-5 кун олдин Андижон вилоятида юз берган ва ҳозирда у шифохонада.
Шоҳасан Мирзаматов жорий йилнинг 23 февраль куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ташкил этиладиган Octagon 70 турнирида Георгий Кичигинга қарши чемпионлик жангини ўтказиши керак эди. Бироқ Мирзаматовнинг автоҳалокат оқибатида олган тан жароҳатлари сабаб ушбу жанг бекор қилинди.
Маълумот ўрнида, Шоҳасан Мирзаматов профессионал фаолияти давомида 18 та жанг ўтказиб, 14 ғалаба ва 4 мағлубият қайд этган. Кичигин ҳисобида эса 31 ғалаба ва 10 та мағлубият бор.
LiveБарчаси
Доллар курси яна тушди.
26 Март