Аҳолини “тинчлантириш учун” тадбиркордан $360 минг талаб қилган шахс ушланди (видео)
Crime
−
22 July 6092 1 minute
Тошкент шаҳрида тадбиркордан 360 минг АҚШ доллари талаб қилган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 1977 йилда туғилган, аввал фирибгарлик билан боғлиқ жиноят учун судланган фуқаро маҳаллий тадбиркордан 30 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Аниқланишича, гумонланувчи тадбиркор Чилонзор туманидаги 37 сотих ер майдонида нодавлат умумтаълим ҳамда мактабгача таълим муассасалари қуришни режалаштирганидан хабар топган. Шундан сўнг, у мазкур ҳудуд аҳолиси ва турли ташкилотлар орқали қурилиш ишларига тўсқинлик қилишини айтиб, гўёки қурилишни ўзи амалга ошираётгандек кўрсатиш ва фуқароларни “тинчлантириш” эвазига тадбиркордан 360 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида у талаб қилинган пулдан 30 минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятида тадбиркорнинг солиқ қарздорлиги ва молиявий жаримасини “ҳал қилиб бериш” эвазига пора олаётган солиқ инспектори қўлга олинган эди.
Live
All