Аҳоли хонадонларига ис газини аниқлайдиган газоанализаторлар ўрнатилади
Жамият
−
19 Январь 2021
3437Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимининг самарадорлигини тубдан ошириш учун аҳоли хонадонларида ис газидан эрта огоҳлантирувчи газоанализаторлар ўрнатилади. Бу ҳақда Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида айтилган.
Мазкур банд ижроси учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори тайёрланади. Лойиҳада:
• ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг янги тизимини жорий этиш, соҳанинг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини тубдан мустаҳкамлаш;
• аҳоли хонадонларини метан, пропан ва ис газини барвақт аниқлайдиган, хабар берадиган ва газни тармоқдан клапан орқали узиб қўядиган газоанализаторлар билан таъминлашни ташкил этиш;
• янги турар жой мажмуалари қурилган, маъмурий марказдан узоқда жойлашган ҳамда ёнғинларни тезкор бартараф этиш имконияти чекланган ҳудудларда қўшимча ажратиладиган штат бирликлари ҳисобига ёнғин-қутқарув қисмлари (постлари)ни ташкил этиш;
• ёнғин хавфсизлигини таъминлаш тизимининг самарадорлигини янада ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш;
• ёнғин-қутқарув спортини ривожлантириш ва оммалаштириш назарда тутилади.
Бажариш муддати – 2021 йил 1 март, ижро учун масъул идоралар – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари