Midweek: Трампнинг савдо уруши, Эрдўған ҳимоясидаги Жўлоний, музокарага яқинлашаётган Россия ва Украина
Таҳлил
−
05 Февраль
3988АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп арзимаган сабабларга кўра, Канада, Мексика ва Хитойга қарши оғриқли савдо урушига старт берди. Икки қўшниси билан жуда тез фурсатларда вақтинчалик муросага келган бўлса-да, Хитой борасида божлар амалга киритилди.
Инжиқ қария Украина масаласида эса бир қадам олдинга икки қадам орқага ҳаракат қилаётгандек. Бир томондан расмий Киевга қурол етказишни тиклагани айтилса, бошқа томондан мазкур ёрдам текинга туҳфа қилинмаслиги, Трампнинг тинчлик музокаралари эса Зеленскийсиз ўтиш хавфи бор.
Дунё сиёсий саҳнасидаги бор эътиборнинг катта қисмини Трамп билан бўлишиб олган Сурия президенти Жўлоний бўлса ташқи сиёсатда янги даврни бошлаб юборди.
Анчадан буён тинч ҳолатда турган Озарбайжон самолётининг ҳалокати ҳақидаги можарода силжиш бор. Дастлабки тергов маълумотлари очиқланди. Москва ва Баку муносабатларининг келгусида қандай ривож олишини белгилайдиган тергов ўзининг якуний палласига кирди.
АҚШ ташқи сиёсатидаги “қариялик”
4 февраль куни Хитой ҳукумати бир қатор Америка товарларига бож жорий этилишини эълон қилди. Пекиннинг қарори АҚШ янги маъмуриятининг Хитойдан келадиган товарларга божларни ошириш режаларига жавоб бўлди. Хитой Савдо вазирлиги кўмир ва суюлтирилган газга 15 фоизлик, шунингдек, нефть хомашёси, қишлоқ хўжалиги техникаси ва бир қатор транспорт воситаларига 10 фоизлик бож тўлови жорий этилишини эълон қилди. Албатта, Пекиннинг бу қарори АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга 10 фоизлик бож жорий этишни буюрганидан сўнг пайдо бўлди. Аммо Трамп яқин бир неча кун ичида Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказишни режалаштиргани айтилмоқда. Бу эса Хитойга қарши очилган савдо уруши Канада ва Мексика каби муросага келиш йўли билан якунланадими, йўқми деган саволни ўртага чиқармоқда. Чунки барчага маълум бўлганидек, Хитой Трамп бошчилигидаги АҚШнинг янги маъмурияти февраль ойидан савдо тарифларини жорий этишга қарор қилган ягона давлат эмас. У аввалроқ мамлакатга кириб келаётган ҳалокатли фентанил наркотик моддаси ва ноқонуний муҳожирлар оқимини олдини олиш талаби билан Канада ва Мексикадан импорт қилинадиган товарлар бўйича тегишли буйруқларни имзолаган эди. Бироқ 3 февраль куни, тарифлар кучга киришидан бир кун олдин, Трамп Мексика Президенти Клаудия Шейнбаум ва Канада Бош вазири Жастин Трюдо билан келишувга эришгани маълум бўлди. АҚШ Президенти тарифларни жорий қилишни бир ойга кечиктиришга рози бўлди ва бунга жавобан Мексика ўзининг шимолий чегарасига 10 минг Миллий гвардия қўшинини жойлаштиришга қарор қилди. Шейнбаум мазкур келишув тафсилотларини очиқлар экан, бу АҚШнинг Мексикага ноқонуний қурол савдосининг олдини олиш бўйича чоралар кўриш мажбуриятини ҳам ўз ичига олганини айтди. Кейинчалик Оттава билан ҳам шундай келишувга эришилди. Трамп худди шу 3 февраль куни кечқурун Канадага тарифлар ҳам 30 кунга кечиктирилишини айтди. Бунинг эвазига Канада 1,3 миллиард долларлик чегара назорати режасини амалга ошириб, чегарага 10 мингга яқин чегарачини жойлаштириш мажбуриятини олган.
АҚШ президенти ўзи томонидан очилган ушбу аҳмоқона савдо урушининг оқибатлари қисқа муддат ичида америкаликлар учун оғриқли кечишини тан олди. Чунки Трамп савдо уруши очган ёки шундай таҳдид билан юзланган мамлакатлар Қўшма Штатларнинг учта энг йирик савдо шериги Хитой, Мексика ва Канада мамлакатларидан келадиган товарларнинг кескин қисқариши АҚШдаги савдо расталаридан кўплаб маҳсулотларнинг йўқолиб қолишига олиб келиши тайин. Шундай бўлса-да, Трамп ўзининг ушбу урушини Европа Иттифоқида ҳам давом эттириши мумкинлигига ишора қилди. У Қўшма Штатларнинг ЕИ билан савдо камомади 300 миллиард долларга етганини мисол қилган ҳолда Европа Иттифоқи АҚШдан фойдаланаётганини иддао қилди. Трампнинг сўзларига кўра, Атлантика океанининг нариги томонидаги ҳамкор АҚШдан ҳеч қандай машина ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кетмайди, Қўшма Штатлар эса аксинча, улардан ҳамма нарсани қабул қилади. Ўз ўрнида Европа Иттифоқи Трампнинг бу борадаги таҳдидларидан афсусда эканини билдирди. Аммо Брюссель ноҳақ ёки ўзбошимчалик билан тарифларни жорий қилган ҳар қандай савдо шеригига қатъий жавоб бериши ҳақида огоҳлантирди. Трамп эса юқорида номлари қайд этилган савдо шерикларидан ташқари яна бир йирик блок – BRICS давлатларига ҳам юқори тарифлар билан таҳдид қилишга улгурганди. У 30 январь куни агар BRICS давлатлари халқаро тўлов воситаси сифатида АҚШ долларидан воз кечса, уларга нисбатан 10 ёки 15 фоиз эмас, балки 100 фоизлик божлар жорий қилиш билан қўрқитганди. Шундай қилиб, воқеалар ривожидан маълумки, Трамп дунё давлатларига аллақачон уруш очди. Фақат бу урушда қурол ва қурбонлар бошқа-бошқадир. Трампнинг мазкур савдо урушида юқори миқдордаги божлар қурол бўлса, оддий фуқароларнинг жони эмас, балки чўнтаги қурбон ролидадир.
Араб давлатлари Трампга яна “йўқ” деди
Бундан бир неча кун олдин Трамп Ғазо сектори аҳолисини Иордания ва Мисрга кўчириш орқали уларга фаровонликни таъминлаш ниқоби остида амалда Фаластин давлатчилигини “де-факто“ – йўқ қилиш кўзланган таклифини илгари сурганди. Аммо унинг бу таклифи расмий Амман ва Қоҳира томонидан дарҳол рад этилганди. 1 февраль куни Миср пойтахти Қоҳирада ўтказилган Ташқи ишлар вазирлари учрашувида Араб мамлакатлари фаластинликларни ўз ерларидан кўчиришни ҳар қандай ҳолатда рад этишини яна бир бор тасдиқлади. Ушбу баёнот АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Миср ва Иордания Ғазо сектори аҳолисини қабул қилиши кераклиги ҳақидаги чақириқларига жавоб сифатида берилди. Қўшма баёнотда Миср, Иордания, Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Фаластин маъмурияти ва Араб давлатлари лигаси вакиллари бундай ҳаракатлар минтақадаги барқарорликка таҳдид солиши ва тинчлик имкониятларини заифлаштиришини таъкидлаган. Бундай таклиф танқидчилар томонидан этник тозалашга тенг ҳаракат сифатида баҳоланди. Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси 29 январь куни Миср фаластинликларни кўчиришда иштирок этмаслигини ва мамлакат аҳолиси бунга қарши норозилик намойишларига чиқишини таъкидлаганди. Шунга қарамай, Трамп 30 январь куни ушбу ғояни яна бир бор такрорлаб, “биз улар учун кўп иш қилдик, энди улар бунга рози бўлиши керак”, дея баёнот бериб, бу орқали кўп эҳтимол, АҚШнинг Миср ва Иорданияга кўрсатаётган ҳарбий ва молиявий ёрдамини назарда тутди. Трампнинг бу борадаги нияти худди Гренландия ва Панама канали сингари жуда жиддий чоғи. Чунки Миср Президенти ас-Сисининг матбуот хизмати хабарига кўра, 1 февраль куни икки етакчи ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтган ва Трамп ас-Сисини расмий ташриф билан Вашингтонга таклиф қилган. Маълум қилинишича, суҳбат АҚШ томонининг ташаббуси билан ташкиллаштирилган. Бўлажак учрашувда ҳамкорлик ва Яқин Шарқда тинчликка эришиш каби умумий гап-сўзлардан бошқа ҳеч нарса ошкор этилгани йўқ. Аммо Трамп ёпиқ эшиклар ортида Сисига Ғазода “этник тозалаш” ўтказиш нияти жиддий эканини билдириши мумкин. Сиси эса АҚШда турган ҳолда Трамп қаршисида ҳам худди Мисрда бераётган баёнотлари каби дадил бўлиши ҳозирча номаълум.
Трамп яна гумаштаси билан. У Ғазони эгалламоқчи
АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 4 февраль куни Оқ уйда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни қабул қилиб, Ғазо аҳолисининг келажаги ҳақида бир қатор баёнотлар берди. Нетаньяху билан музокаралар олдидан журналистларга берган интервьюсида Трамп Ғазо аҳолисини зўравонликдан қўрқмасдан яшашлари мумкин бўлган жойларга доимий равишда кўчириш ғоясини қўллаб-қувватлашини яна такрорлади. Биньямин Нетаньяхуни Оқ уйда кутиб олган Трамп ўзи ва унинг жамоаси Ғазо аҳолисини жойлаштириш имкониятларини Иордания, Миср ва минтақадаги бошқа давлатлар билан қайта муҳокама қилаётганини айтди. У “одамларни бахтли яшашлари мумкин бўлган, отиб ташланмайдиган ва ўлдирилмайдиган яхши уйларга доимий равишда жойлаштириш” бўйича келишувга эришмоқчи эканлигини таъкидлади.
“Мен Ғазога бошқалардан кўра фарқли ёндашаман. Ўйлайманки, уларга яхши, янги, гўзал ер участкаси бериш, уни ўзлаштиришга маблағ сарфламоқчи бўлган одамларни топиш, уни яшаш учун қулай қилиш керак”, деди Трамп.
АҚШ Президентининг фаластинликлар Ғазодан фақат “муқобил йўқлиги” сабабли тарк этмаётганини айтганидан сўнг ҲАМАСнинг юқори мартабали мулозими Самми Абу Зуҳрий Дональд Трампнинг сўзларини дарҳол танқид қилиб, уларни Яқин Шарқдаги “хаос учун рецепт” деб атади. Нетаньяху 20 январда Дональд Трамп ҳокимиятга қайтганидан кейин Оқ уйга таклиф қилинган биринчи хорижий етакчи бўлди, бу Исроил ва АҚШ ўртасидаги бузилмас иттифоқ рамзи ҳисобланади. Ғазо секторидаги аҳолини кўчириш ғояси янги эмас, аммо Трамп Нетаньяху билан учрашувда сектор борасидаги янги мақсадларини очиқлади. Унга кўра, АҚШ эндиликда Ғазони ўз назоратига олишни режалаштирмоқда. Ғазога АҚШ қўшинларини жўнатиш керакми деган саволга эса Трамп “керак бўлганини қиламиз”, деб жавоб берди.
“Мен узоқ муддатли мулкчилик ҳолатини кўрмоқдаман ва буни Яқин Шарқнинг бу қисмига кўпроқ барқарорлик олиб келади деб биламан. Мен буни кўп ойлар давомида жуда диққат билан ўрганиб чиқдим. Мен Исроилни яхши кўраман. Мен у ерга бораман, Ғазога бораман, Саудия Арабистонига ва бутун Яқин Шарқнинг бошқа жойларига бораман”, деб ваъда берди Оқ уй эгаси.
Путиндан кейин Трамп ҳам Зеленскийдан легитимлик талаб қилмоқда
Орадан 9 ой ўтиб, Украина Президенти Зеленский легитимлиги масаласи яна кун тартибига чиқмоқда. Гап шундаки, Трамп томонидан Украина бўйича махсус вакил этиб тайинланган ва босқинни якунлаш вазифаси топширилган Кит Келлогг бугунги АҚШнинг янги маъмурияти Украинада 2025 йил охиригача президентлик ва парламент сайловлари ўтказилишини истаётганини маълум қилди.
“Кўпгина демократик мамлакатларда уруш пайтида ҳам сайловлар ўтказилади. Бу жуда муҳим ва демократия учун фойдалидир. Барқарор демократиянинг моҳияти шундаки, унда ҳар доим бир нечта номзод иштирок этиши мумкин”, дейди Келлогг.
“Reuters” манбаларига кўра, агар Украинада президентлик сайловлари ўтказилса, ғолиб Москва билан узоқ муддатли келишув бўйича музокаралар олиб бориш учун жавобгар бўлиши мумкин. Бироқ Украина расмийлари Трамп маъмурияти ҳозирча Киевга сайловларни йил охиригача ўтказиш бўйича расмий сўров билан чиқмаганини маълум қилди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2023 ва 2024 йилларда Байден маъмурияти вакиллари ҳам украиналик ҳамкасблари билан сайлов ўтказиш масаласини муҳокама қилган, бироқ Киев бу таклифни рад этган. Украина томони ўшанда сайловларнинг ҳозирги беқарор шароитда ўтказилиши мамлакат етакчиларини бўлиб юбориши ва Россиянинг таъсир кампанияларига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. Бугун эса АҚШда ҳокимият янгиланган пайтдан фойдаланиб, Путин Зеленскийнинг легитимлиги масаласини яна кун тартибига олиб чиқишга ҳаракат қилди. Ва маълум маънода бунга эришди ҳам. Негаки, Кит Келлоггнинг юқоридаги баёноти Путин Зарубинга берган интервьюсининг давоми “Зеленскийнинг қонунийлиги 0 га тенглиги ва у музокараларда қатнаша олмаслигини” даъво қилгандан сўнг пайдо бўлди. Путин кўп эҳтимол ўзининг бу позицияси билан эҳтимолий музокараларни мураккаблаштиришни режалаштиргани ойдек равшан эди.
Аслида Украинанинг айни дамдаги раҳбари Владимир Зеленскийнинг легитимлиги ҳақида турли гап-сўзлар ўтган йилнинг май ойида янграй бошлади. Бу ҳақда энг биринчилардан бўлиб ўз фаолияти давомида оз эмас, кўп эмас нақд 5 маротаба президент этиб сайланган ва 25 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин сўз очди. Украинанинг амалдаги раҳбари 2019 йил 20 майдан ўз лавозимига киришган. Украинада Президент мандати 5 йил эканлигини ҳисобга олсак, ўтган йил 20 май кунида Зеленскийнинг бошқарув муддати тугаган. Сайловлар 2024 йилнинг март ойида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ ҳарбий ҳаракатларнинг давом этиши бунга йўл бермади. Шу ўринда, мамлакат раҳбарининг ҳокимияти қонуний ёки аксинча эканлигига ойдинлик киритиши мумкин бўлган асосий ҳужжат Конституция эканлигини эсдан чиқармаслик лозим. Ўз ўрнида, Путин ҳам Украина Конституциясига назар ташлаган ҳолда айрим моддаларда қайд этилган жумлаларга ишора қилганди.
“Биз Украина Конституциясида нима ёзилганига қарашимиз керак, қайси давлат органлари Украина Конституциясига мувофиқ, сайловларсиз, сайлов тартиб-қоидаларисиз узайтирилиши мумкин ва қайси бири бу ҳуқуқларга эга эмас – бу ҳуқуқий таҳлил асосида амалга оширилиши мумкин. Булар Украина сиёсий ва ҳуқуқий тизими учун саволлар”, деганди Россия раҳбари Тошкентдаги матбуот анжуманида.
Жўлоний “катта тезлик олди”
Сурияга илк хорижий давлат раҳбари сифатида Қатар Амири Тамим келганидан кўп ўтмай Аҳмад аш-Шара ҳам ўзининг дастлабки ташрифларини бошлаб юборди. Суриянинг янги президенти 2 февраль куни Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Аэропортда у ва ташқи ишлар вазири Шибонийни Саудия расмийлари кутиб олди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. Қайд этилишича, етакчилар икки томонлама алоқаларни яхшилаш ва минтақавий воқеаларни муҳокама қилган. Аҳмад аш-Шаранинг ёзма баёнотида эса валиаҳд шаҳзода билан гуманитар ва иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек, “энергетика, технология, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида кенг кўламли келажак режалари” муҳокама қилингани маълум қилинган. Саудия ОАВлари хабарларига кўра, икки етакчи ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва Сурияга нисбатан жорий этилган халқаро санкцияларни бекор қилиш учун қандай ёрдам олиш мумкинлигини муҳокама қилган. Ўз туғилиб ўсган мамлакатига ташрифи чоғида Аҳмад аш-Шара 3 февраль куни Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди.
Шундан сўнг у эртаси куни 4 февралда Туркияга йўл олиб, Президент Ражаб Тоиб Эрдўған билан Анқарада учрашди. Учрашув давомида Исроилни Сурия жанубидаги буфер зонадан олиб чиқиш ва 1974 йилги келишувни амалга ошириш учун халқаро босимнинг аҳамиятини муҳокама қилди. У шунингдек, ортда қолган йиллар давомида Сурияда рўй берган нотинчлик пайтида Туркия Сурия халқи учун ўз эшикларини очганини алоҳида таъкидлаб, ўз миннатдорлигини билдирди.
“Сурия халқи миллионлаб қочқинларга эшикларини очган Туркия давлати ва халқининг тарихий позициясини ҳеч қачон унутмайди. Бу ҳамжиҳатлик охирги йилларда Сурия ва турк қони озодлик курашида аралашиб кетган пайтда чўққисига чиқди”, деди у.
Аш-Шара Туркиянинг ҳозирги янги маъмуриятнинг сиёсий ва иқтисодий муваффақиятини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари Суриянинг мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлиги учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. У, шунингдек, Сурия ва Туркия ўртасидаги алоқаларнинг кучли тарихий илдизларга эга эканини ва турк маъмурияти ва халқи дуч келган барча қийинчиликларга қарамай, икки давлат ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишда давом этганини қайд этди. Учрашувдан олдин бир қатор ОАВ икки томон мудофаа пакти устида ишлаётганини ва у Туркия томонидан ҳарбий базалар ташкил этилиши ҳамда Суриянинг ҳарбий хизматчилари тайёргарлигига доир бандларни ўз ичига олишини ёзган эди. “Mada Masr нашрининг Сурия хавфсизлик кучларидаги манбасига кўра, Туркия авиабазалар ва ҳаво мудофаа тизимларини яратиш устида ишламоқда ва тез орада Сурия билан ўзаро мудофаа бўйича шартнома имзолаши мумкин. Бу Туркияга Сурия ҳаво ҳудудидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш имкониятини беради. Манбага кўра, базалар Тияс ва Палмира ҳудудларида жойлаштирилиши мумкин. Иккала аҳоли пункти ҳам мамлакат марказидаги Ҳомс вилоятида жойлашган бўлиб, бир-биридан 60 км узоқликда ўрин олган. Ҳозирда ушбу ҳарбий объектлар Сурия ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли. Аммо якунда ҳамкорлик борасида бирор бир ҳужжат имзоланмагани айтилмоқда.
Embraer 190 ҳалокатининг дастлабки тергов ҳисоботи
2024 йилнинг 25 декабрида Қозоғистон ҳудудида ҳалокатга учраган Озарбайжон авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 самолётининг “қора қути”лари таҳлил қилиш учун Бразилияга етказилганди. Аэронавтика бўйича мутахассислар аллақачон мазкур самолётнинг “қора қути”ларидаги маълумотларни таҳлил қилишни бошлаган. Баку ва Москва ўртасида ўзаро зиддиятга сабаб бўлган, Путинни Алиевдан узрлар сўрашга мажбур қилган ҳалокат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланганди. Ушбу жараёнда Қозоғистондан уч нафар терговчи, Озарбайжон ва Россия агентлари қатнашаётгани ҳақида хабар қилинди. Улар ҳаво ҳалокатларини текшириш ва олдини олиш марказида йиғилган бўлиб, мазкур тергов жараёнига Бразилия ҳам кўмаклашаётгани маълум қилинганди. Ўшанда Қозоғистон Транспорт вазири ўринбосари Талгат Ластаев Озарбайжон авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 самолётининг ҳалокатга учрашини текшириш бўйича тузилган Қозоғистон ҳукумат комиссияси 30 кун ичида терговнинг дастлабки ёки оралиқ натижаларини тақдим этишини билдириб, у бу муддатни мазкур ҳолат бўйича мавжуд стандартларга таянган ҳолда айтганди. Мазкур ҳафтада эса ушбу терговнинг дастлабки хулосалари ОАВга сиздирилди. Қозоғистон Транспорт вазирлиги Ақтау яқинида ҳалокатга учраган Озарбайжон ҳаво йўллари самолёти бўйича терговнинг дастлабки натижаларини акс эттирувчи ҳисоботни эълон қилди. Мазкур ҳисобот билан ҳодисанинг бир қатор янги тафсилотлари маълум бўлди. Вазирликка кўра, самолётдаги ёнғиннинг асосий манбаи ўнг қанот, фюзеляж (самолёт танаси)нинг бурун ва марказий қисмлари ҳамда чап қаноти бўлган. Мутахассислар фюзеляжнинг қуйруқ қисмида, вертикал стабилизатор ва рулда турли ўлчам ва шаклдаги кўплаб очиқ ва ноаниқ шикастланишларни аниқлади. Худди шундай шикастланишлар самолётнинг чап двигатели ва чап қанотида ҳам аниқланган. Баъзи жойлардаги тешиклар тўртбурчаклар шаклида бўлган.
Бахтсиз ҳодисани текшираётган давлат талабларга кўра, 30 кун ичида манфаатдор субъектларга дастлабки фактик маълумотларни акс эттирувчи ҳисобот тақдим этиши керак. Қозоғистонда тузилган тергов комиссияси ушбу ҳисоботни тайёрлашга Озарбайжон вакилларини ҳам жалб қилган ҳолда дастлабки ҳисоботда қуйидаги фактларни тасдиқлади: Жумладан, 2024 йил 25 декабрда Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳридан Россия Федерациясининг Грозний шаҳрига мунтазам рейсни амалга оширган. “Озарбайжон ҳаво йўлларига тегишли Embraer 190-100 IGV йўловчи самолёти ҳавога кўтарилганда ва Грознийга парвоз пайтида парвозга яроқли ҳолатда бўлган. Самолётнинг иккала двигатели ҳам воқеа содир бўлгунга қадар ҳеч қандай техник носозликларсиз ишлаган. Самолёт Россия Федерацияси ҳаво ҳудудида, жумладан, Грозний аэропорти устида парвоз операцияларини бажариш чоғида GPS сигналларини йўқотган. Самолёт ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Грозний устидан иккинчи қўнишни амалга ошира олмаганидан сўнг капитан Бакуга қайтишга қарор қилган. Ушбу қарор қабул қилингандан сўнг Грозний устидаги CVR 24 сония оралиғида иккита бегона шовқинни қайд этган. Самолётнинг фюзеляжида кўп сонли кириб борувчи ва кўр-кўрона шикастланишлар борлиги аниқланиб, фото ва видео тасвирга олинган. Самолёт фюзеляжида бегона жисмларнинг таъсири натижасида аниқланган шикастланишлар ҳосил бўлиши ҳақида маълумот берилди. Дастлабки ҳисоботда қушларнинг урилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Кислород баллони портлаш фактини ўз ичига олган маълумотлар ҳам қайд этилмаган. Чикаго конвенциясига кўра, дастлабки ҳисобот тайёрлангач, воқеа содир бўлган кундан бошлаб 1 йил ичида авария сабаблари бўйича якуний ҳисобот тайёрланиши керак. Қозоғистон Республикаси ва терговда иштирок этаётган бошқа давлатлар томонидан якуний ҳисоботни тайёрлаш бўйича ишлар аллақачон бошланган. Аммо тармоқларда юқорида қисқача тўхталиб ўтганимиз, 53 бетли илк тергов ҳисоботида қайд этилмаган маълумотлар ҳам тарқамоқда. Жумладан, “Reuters” Озарбайжон ҳукуматидаги манбасига таянган ҳолда Ақтау шаҳрига яқин жойда қулаб тушган Embraer 190 самолёти Россиянинг “Панцирь-С” ҳаво мудофаа тизими ракетаси томонидан уриб туширилгани ҳақида хабар берди.
LiveБарчаси