Аҳмадалиев-Тапалес тўқнашуви қачон ўтказилиши маълум қилинди
Спорт
−
21 Январь 2023
6464Профессионал бокснинг биринчи ярим енгил вазн тоифасида (55,3 кг) WBA ва IBF камарлари эгаси, ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев IBF йўналишида мажбурий даъвогар филиппинлик боксчи Марлон Тапалесга қарши қачон жанг ўтказиши маълум бўлди. Бу ҳақда “Boxer TV” хабар берди.
Қайд этилишича, Аҳмадалиев-Тапалес тўқнашуви 8 апрель куни АҚШнинг Техас штати, Сан Антонио шаҳрида бўлиб ўтади. Келаётган ҳафтада жанг расман эълон қилиниши кутилмоқда.
28 ёшли Муроджон Аҳмадалиев профессионал боксда умумий 10 та жанг ўтказиб, тўқнашувларнинг барчасида ғалаба қозонган. 30 ёшли Тапалес эса профбоксда 37 марта рингга кўтарилиб, 34 та ғалаба қайд этган ва 3 та жангда мағлубият аламини татиб кўрган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил июнь ойида Аҳмадалиев америкалик Ронни Риосни мағлубиятга учратиб, ўзига тегишли икки камарни учинчи бор муваффақиятли ҳимоя қилганди.