900 га яқин илон фермадан қочиб кетди
Олам
−
10 июл 13062 2 дақиқа
Хитой жанубидаги Гуанси провинциясида кучли сув тошқинлари оқибатида фермадан 900 га яқин илон қочиб кетди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Ҳанчжоу маъмурияти сув остида қолган бир нечта қишлоқларда илонлар пайдо бўлганини тасдиқлаган.
Маълум қилинишича, “Майсак” тайфуни сабаб юзага келган кучли ёғингарчилик Ҳэнгчжоу шаҳридаги Лиулан сув омбори тўғонининг ёрилишига олиб келган. Оқибатда ҳудудни сув босиб, маҳаллий илонлар фермаси вайрон бўлган.
Дэнгвей қишлоғи қўмитаси раиси У Чжининг сўзларига кўра, дастлабки ҳисоб-китобларга биноан, сув тошқини ортидан фермадан 800–900 та илон қочиб кетган. Фермада асосан заҳарли кобралар, қирол каламуш илонлари ва сув илонлари боқилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда илонларнинг сув босган уйлар ва кўчалар атрофида сузиб юргани акс этган. Айрим нашрларнинг ёзишича, Юнбяо қишлоғида яшовчи бир аёл илон чақиши оқибатида вафот этган. Маҳаллий шифохона эса заҳарга қарши зардоб захирасини оширган. Маълумотларга кўра, сув тошқини сабаб уйларида қолиб кетган айрим фуқароларни заҳарли илон чаққан, бироқ улар ўз вақтида тиббий ёрдам ололмаган.
Маҳаллий мутахассислар энг катта хавф кобралардан эканини билдирган. Шу билан бирга, улар сув остида узоқ қолган илонларнинг аксарияти нобуд бўлиши мумкинлигини қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Гуанси провинциясида жойлашган Лиулан сув омборининг ёрилиши оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлгани ва 130 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси