9 май Россия учун глобал қудратини қумсаш байрами – Раббимов
Олам
−
09 Май 2023
12319Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов 9 май Россияда нега бунчалик катта байрам сифатида нишонланиши ҳақида ўз фикрларини баён қилди.
Раббимовга кўра, мазкур байрам фақатгина Россиянинг фашизмдан халос бўлгани учун нишонланмайди.
“Нега Россия 9 майни бу қадар катта байрам қилади? Сабаби фақат Гитлер Германиясидан соғ-омон қолганида эмас. Балки иккинчи жаҳон урушидан кейин, СССР номи остидаги тарихий Россия, бир томондан ўзининг ички зиддиятларини енгди. Ҳали қовушмаган СССР Гитлерга қарши бирлашди, ички бирлик пайдо бўлди. Сепаратизм пасайди”, деб ёзади сиёсатшунос.
Шунингдек, Раббимов урушдаги ғалаба туфайли Россия империяси кенгайганини ҳам айтиб ўтган.
“Янги ҳудудлар сифатида Болтиқбўйи республикаларини мустамлака қилди. Варшава келишуви номи остида Шарқий Европа ва дунё давлатлари устидан ўз таъсирини кучайтирди”, дейди Камолиддин Раббимов.
Унинг фикрича, 9 май Россия учун империяни мустаҳкамлаш, кенгайиш ва глобал хукмронликка ўтиш даври ҳисобланади.
“Шунинг учун, 9 май, Россия учун – глобал ҳокимиятни, қудратни қумсаш байрами. Империячиликнинг хумори тутганда, 9 май куни, қизил майдонда эски, чанг босган костюмни кийиб, занглаган медалларини тақиб, бошқаларни қўрқитишни истайди. Лекин империя сўнмоқда”, дея қўшимча қилган сиёсатшунос.
Дарҳақиқат, бугун бўлиб ўтган парад кўпчилик сиёсий таҳлилчилар томонидан Россия ҳарбий қудрати сўна бошлаганининг белгиси сифатида таърифланмоқда. Чунки Украинага уруш эълон қилинмасидан аввал парадлар кенг қамровда ўтказилар ва бир қатор хорижий меҳмонлар таклиф этиларди. Ўтган йили 9 май парадига ҳеч ким бормаган бўлса, бу йил фақат Марказий Осиёнинг бешта давлати етакчилари, Арманистон Бош вазири ва Беларусь Президенти Кремлга ташриф буюрди.
Бундан ташқари, Россиянинг 24 та шаҳрида ғалаба паради бекор қилинди, қолган ҳудудларда эса байрам тадбирлари қисқартирилди ёки қисман тўхтатилди. Қизил Майдондаги асосий парад эса бор-йўғи 47 дақиқа давом этди, ҳатто унинг авиацион техникалар билан боғлиқ қисми хавфсизлик нуқтаи назаридан бекор қилинди.
Парадда намойиш этилган ҳарбий техникалар ҳам кўпчиликда баъзи саволларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлди. Унда олдинги йиллардагидек замонавий рус танклари ўрнига фақат Иккинчи жаҳон уруши даврида Шарқий Европада фашистларга қарши жангларда қўлланган Т-34 танклари намойиш этилди.
Бир неча ўнлаб зирҳли транспортёрлар, чечен қўшинлари томонидан қўлланиладиган оғир тактик машиналар ва узоқ масофали зенит тизимларидан ташқари бир вақтлар Россия арсеналининг муҳим таркибий қисмлари бўлган жанговар техникалар ҳам негадир парадда кўринмади. Таҳлилчиларнинг тахминларига кўра, бу техникалар ё Украинадаги урушда қўлланмоқда ёки ҳарбий ҳаракатлар вақтида ишдан чиққан бўлиши мумкин.
Москвада нацизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллиги нишонланаётган бир пайтда эса Бахмутда жанг қилаётган “Вагнер” армиясининг раҳбари Евгений Пригожин унинг қўшинларида қурол-яроғ ва ўқ-дори тақчиллиги кузатилаётгани ҳақида бот-бот таъкидламоқда. Унинг айтишича, ҳозирда Бахмутдаги “Вагнер” аскарларининг қурол-яроғ учун эҳтиёжи 90 фоизни ташкил қилмоқда. Шунинг ўзи ҳам нима учун Кремлдаги бу йилги парад нисбатан “камтарона” ўтказилгани ҳақидаги саволга жавоб бўлиши мумкин.
LiveБарчаси