8 ойда сўм долларга нисбатан неча фоизга қадрсизлангани маълум қилинди

Жамият

image

2021 йилнинг дастлабки 8 ойи давомида 1 АҚШ доллари учун сўм алмашув курси 10449–10683 сўм оралиғида тебраниб, йил бошидан бери 2 фоизга қадрсизланди. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Билдирилишича, январь–июль ойларида экспорт ҳажми (олтинсиз) 6,7 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган. Импорт ҳажми эса 13,4 миллиард АҚШ долларига етган. Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 8 ойда қарийб 4,9 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

Шунингдек, августда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг йиллик ўсиши 15,5 фоизни ташкил этиб, умумий инфляцияга энг асосий оширувчи ҳисса қўшган. Ёз ойларида мева ва сабзавотлар нархлари ҳамда ойлик инфляция кўрсаткичларида кутилганидек мавсумий пасайиш суръатлари кузатилмаган.

Қайд этилишича, таркибий жиҳатдан барқарор компонентлардан ташкил топган ноозиқ-овқат ва хизматлар гуруҳлари нархларида август ойида йиллик ўсиш суръатлари мос равишда 8,1 ва 7,6 фоизни ташкил этиб, умумий инфляциянинг секинлашишига хизмат қилмоқда.

Мавсумий тебранувчан мева ва сабзавотлар, ёнилғи маҳсулотлари ва тартибга солинадиган товарлар нархлари (тарифлари) ўзгаришини истисно қилиш орқали ҳисобланадиган базавий инфляция даражаси август ойида умумий инфляция даражасидан пасайиб, йиллик 9,5 фоизни ташкил қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

валюта

Баҳолаганлар

185

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг