“75 лар хати” иши бўйича нега айбланувчилар қамалмагани айтилди
Олам
−
03 июл 6871 4 дақиқа
Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман суди “75 лар хати” деб номланган жиноят иши бўйича айбланувчиларга пробация назорати тайинлангани сабабларини тушунтирди. Бу ҳақда “24.kz” хабар берди.
Суд маълумотига кўра, Қамчибек Ташиев, Нурланбек Турғунбек ўғли, Қурманқул Зулушев, шунингдек Бекболот Талғарбеков, Курсан Асанов, Али Қарашев, Қурманбек Дийқанбаев ва Эмилбек Узақбаев мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айби бўйича жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли оқланган.
Шу билан бирга, суд уларни Жиноят кодексининг 36 ва 326-моддалари – ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга тайёргарлик кўришда айбдор деб топиб, уларнинг ҳар бирига мол-мулкини мусодара қилган ҳолда умумий тартибдаги жазони ижро этиш колониясида ўташ учун тўрт йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаганди.
Бироқ Жиноят кодексининг 82-моддасига асосан барча маҳкумлар жазони ўташдан озод қилиниб, уларга уч йил муддатга пробация назорати қўлланилди.
Суднинг изоҳ беришича, бундай қарор жиноят охирига етказилмагани ва тайёргарлик босқичида қолгани инобатга олинган ҳолда қабул қилинган. Шунингдек, суд жиноий ниятнинг амалга ошириш даражаси ҳамда судланувчиларнинг шахсини ҳисобга олиб, уларни жамиятдан ажратмаган ҳолда ҳам тузатиш мумкин, деган хулосага келган.
Судда таъкидланишича, пробация назорати жиноий жавобгарликдан озод қилишни англатмайди, балки унинг ижроси пробация органлари томонидан назорат қилинадиган жиноят-ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, кеча Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман суди "75 лар хати" деб аталган жиноят иши бўйича иш фигурантларига ҳукм чиқарган эди.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси