7 млрд харажат, 20 млрд даромад. “Дунё садолари” бу йил қанча фойда олади?

Маданият-санъат

Хабарингиз бор, 15 августдан 17 августгача 3 кун мобайнида Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида “Дунё садолари” фестивали бўлиб ўтмоқда. 3 йилдан бери анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган бу тадбир ҳар йили шаҳар иқтисоди учун ижобий таъсир ўтказмоқда. Мисол учун, 2024 йилги фестивалга қарийб 7,5 миллиард сўм сарфланиб, савдо айланмаси 20 миллиард сўмдан ошган. Шаҳар 2 миллион меҳмонни қарши олган. Бу сафарги фестивалдан эса янада юқори натижалар кўзланмоқда ва дастурларга бир қанча янги ташаббуслар киритилган.

“Йилдан йилга бараварига, мисол учун, биринчи йилга нисбатан иккинчи йилда беш баравар иқтисодиёт кўтарилган бўлса, бу йилда фестивалнинг биринчи кунининг ўзида Хонобод шаҳар иқтисодиёти 7 бараварга кўтарилди ва савдо нуқталари сони 7 бараварга ошиши ҳисобига биз ҳисобни чиқаряпмиз”, деди Хонобод шаҳар ҳокими Элёрбек Холмирзаев.

Географик жиҳатдан идеал ҳудудда жойлашган шаҳарга янада кўпроқ туристларни жалб қилиш учун янги лойиҳалар устида ишланмоқда.

“Ўзбекистоннинг энг шарқий нуқтаси, қуёш чиқар ҳудуди бўлган Хонобод бугун ҳар қандай ҳолатда туристларни кутиб олиш даражасига етиб келди. Биз келажакда бу ерда халқаро даражадаги спорт мусобақалари, илмий конференциялар, интеллектуал танловларни ва давлат дастуридаги программаларни ўтказишимиз мумкин”, деди у.

Қолаверса, Хонобод шаҳри 24 соат ишлаш режимига ўтказилгани ва ҳудуд юзни таниб олувчи камералар назоратида экани ҳам сайёҳлар  учун қулайлик яратиши, уларнинг хавфсизлиги учун барча шароитлар ишга солингани айтиб ўтилди.

Тадбир ташкилотчиларининг айтишича, фестивалга сарфланаётган харажатлар ҳар йили туристлар оқимининг ортиб бориши ҳисобига ўзини оқламоқда. Масалан, биз суҳбатлашган маҳаллий кафе раҳбари ўтган йили фестиваль кунларида 50 миллион сўмгача савдо қилганини, оддий кунларда эса бу кўрсаткич 10 миллион сўмгача етишини айтди.

Бу сафарги фестивалда жаҳон юлдузлари Мустафо Сандал, Араш, Алиша Чинай, “Arabesque” гуруҳи, ўзбек эстрадасидан Муниса Ризаева, Имрон, Жалолиддин Аҳмадалиев, Шохруҳхон, Севинч Мўминовалар иштирок этиши меҳмонлар ташрифини кучайтирди. Фестивалдан 1 ҳафта олдин минглаб хорижлик меҳмонлар Хонобод шаҳрига келиб жойлашиб улгурди ва ташрифлар давом этмоқда. Тадбирнинг биринчи куни 150 минг одам ташриф буюрган бўлса, 16 августда бу кўрсатгич 200 мингга чиқди.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон Хонобод Дунё садолари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг