6 мингга яқин мигрант Россиядан чиқариб юборилади

Олам

image

Россияда жорий йилнинг март ойида ноқонуний миграцияга қарши курашиш доирасида ўтказилган рейдлар натижасида 6 мингга яқин чет эл фуқаросини мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Ирина Волк ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Қайд этилишича, ўтказилган текширувлар натижасида Россия терговчилари томонидан мингга яқин жиноий иш қўзғатилган. Рейдлар давомида қидирувда бўлган 138 нафар шахс аниқланган. Яна 7,7 минг нафар чет эл фуқаросига нисбатан Россияга киришни тақиқлаш бўйича қарор қабул қилинган. Шунингдек, 48 мингта маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган. 26 минг нафардан ортиқ мигрант жавобгарликка тортилган бўлиб, уларнинг 24 минг нафари мажбурий дактилоскопия (бармоқ изи олиш) ва суратга тушиш жараёнларидан ўтказилган.

Ирина Волкнинг қўшимча қилишича, март ойидаги рейдлар бутун мамлакат бўйлаб ўтказилиб, унда Ички ишлар вазирлиги, Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва Росгвардия вакиллари иштирок этган. Бу гал асосий эътибор транспорт инфратузилмаси объектларини текширишга қаратилган. Шунингдек, рейдлар бозорлар, омборхоналар, саноат зоналари ва чет элликлар яшайдиган жойларни ҳам қамраб олган. Жами 130 мингтадан ортиқ объект текширилган.

Тадбирларга 60 мингга яқин полициячи жалб этилган бўлиб, самарадорликни ошириш учун учувчисиз учиш аппаратлари ва бошқа замонавий техник воситалардан фойдаланилган. Қайд этилишича, ИИВ маълумотларига кўра, 2025 йилда Россиядан 72 минг нафар чет эл фуқароси чиқариб юборилган.

Эслатиб ўтамиз, Давлат думаси депутатлари мигрантларни депортация қилиш асослари рўйхатини қарийб икки баравар кенгайтиришни (22 тадан 43 та моддагача) режалаштирмоқда. Хусусан, жамоат тартибини бузиш, полиция ёки Росгвардия талабларига бўйсунмаслик, инфратузилма ва транспорт ишига халақит бериш каби ҳолатларни мамлакатдан чиқариб юбориш учун асос бўлувчи сабаблар қаторига қўшиш кўзда тутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия мигрант миграцияга қарши курашиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг