“500 минг пора олган шифокор 5 йилга, давлат пулини талон-торож қилган ҳоким 3 йилга қамалди”. Адлия вазири ҳолатни тушунтирди

Жамият

image

Маълум бир вақт давомида ижтимоий тармоқларда 500 минг пора олган шифокор 5 йилга, давлат пулини талон-торож қилган ҳоким 3 йилга қамалгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Кўпчилик суднинг ушбу қарорларини адолатсиз ҳукм дея баҳолаганди. Жорий йилнинг 28 март куни Адлия вазири Акбар Тошқулов бошчилигида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. У ушбу мулоқот давомида жиноятлар учун бериладиган жазонинг ижтимоий адолатлилик даражаси ҳақида ҳам маълумот бериб, юқоридаги ҳолатни изоҳлади.

“500 минг пора олган шифокор 5 йилга қамалди, Асака тумани собиқ ҳокими Мансур Алихоновга эса суд томонидан 3 йил-у 1 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Унга растрата йўли билан давлат мулкини талон-торож қилиш бўйича жиноят иши қўзғатилган. 500 минг пора олган одамга 5 йил бериляптида, жуда кўп миқдорда давлат мулкини ўзлаштирган мансабдорга кам муддат бериляпти. Бу жамиятда судга ва қонунчиликка нисбатан тоқатсизликни уйғотмайдими?", дея савол берган журналист ушбу анжуманда.

Вазир ушбу саволга жавоб берар экан, жиноятларнинг квалификацияси бўйича ҳар бир жиноятга нисбатан санкциялар белгиланганини айтиб ўтди.

“Санкциялар доирасида суд ишлайди. Порахўрлик жинояти кичкина сумма бўлса ҳам бизда санкция жиҳатидан юқорироқ. Тасаввур қилинг, битта шифокор 100 минг сўм олиб келмасанг, операция қилмайман деяпти. Уни оқибати юқорироқ. Шунинг учун қонунларда шундай юқорироқ жазо қўйилган. Жамиятга таъсири жуда катта. Шу нуқтаи назардан ҳар битта моддани тўғри тушуниш керак”, дея жавоб берган вазир.

Шунингдек, Тошқулов яна бир журналистнинг қамоқхоналар Ички ишлар вазирлигидан олиниб, Адлия вазирлигига ўтказилиши ҳақидаги таклифига аввалдан бу тизим шаклланганини айтиб, буни ўзгартириш қийинлигини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Адлия вазирлиги жазо Акбар Тошқулов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг