500 грамм вазнли болаларнинг яшаб қолиш фоизи сўнгги йилларда ошди – Боситхонова
Жамият
−
03 Январь 2021
4983Ўзбекистонда 500 грамм ва ундан ортиқ вазнли болаларнинг яшаб қолиш фоизи сўнгги 3 йилда 2 баробарга ошди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова мамлакатда неонатал тиббиётнинг ривожланиш босқичлари ҳақида маълумот бериб, айтиб ўтди.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳар бир мамлакат учун шу йўналиш бўйича ривожланганлик даражасини белгиловчи мезонларни ишлаб чиққан. Унга кўра, агар бола ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида туғилиб, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ, бўйи 25 см ва ундан ортиқ бўлса, у тирик туғилган ҳисобланади.
Қатор давлатлар бу тавсияларни ўзларидаги неонатология соҳасининг ривожига қараб, турли йилларда қабул қилган. Баъзи мамлакатларда бу мезонлар 28 ҳафтадан бошлаб, боланинг вазни 1000 грамм, бўйи 35 см деб ҳам белгиланган.
“Тўғри, 22 ҳафталик ҳомила жуда кам вазнли бўлиш билан бирга функционал ўта етилмаган ва яшаб қолиши учун юқори технология ва малакали мутахассислар парваришини тақозо этади. Шу сабаб, Ўзбекистонда бу мезонларга ўтиш учун қабул қилинган давлат дастурларида қатор долзарб вазифалар, аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилди. Ушбу гуруҳдаги болаларнинг парвариши, тиббий ёрдам кўрсатиш учун етарлича жиҳозлар, муносиб муассасалар ва малакали мутахассислар тайёрлаш лозим эди. Бу йўлда ҳам мамлакатимизда муҳим амалий ишлар қилинди”, дейди Боситхонова.
Шунингдек, сўнгги йилларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳамкорлигидаги “Ўзбекистонда оналик ва болалик хизматини такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида мамлакатнинг барча туғруқ муассасалари тиббиёт ходимлари чақалоқлар парвариши асослари, неонатал жиҳозлардан самарали фойдаланиш, чақалоқлар реанимацияси ва бошқа бир қатор янги самарали технологиялар бўйича халқаро экспертлар ва миллий тренерлар томонидан ўқитилган. Ўтган йиллар давомида “Саломатлик 1, 2 ва 3” лойиҳалари бўйича барча туғруқ муасссалари энг асосий парвариш ва чақалоқлар реанимацияси учун зарур замонавий жиҳозлар билан таъминланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи билан туғилиш мезонлари ЖССТ тавсияларига кўра, чақалоқ 22 ҳафтадан бошлаб туғилиб, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ бўлса, ФХДЁ идораларида қайд этилиши белгиланган.
“Ривожланган давлатлардаги каби бизда ҳам ўта кам вазнли чақалоқларда нафас бузилиш синдроми профилактикаси ва давоси учун энг замонавий препаратлар марказлашган ҳолда харид қилиниб, жойларга етказиб берилди. Амалга оширилаётган ана шундай саъй-ҳаракатлар сабаб бу гуруҳдаги болалар орасида яшаб қолиш фоизи кейинги 3 йил давомида 2 баробарга ортди”, дея таъкидлаган вазир ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, шу йилдан бошлаб Ўзбекистонжа 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда – 11 миллион нафар, 2022 йилда – 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
LiveБарчаси