“5 млрд доллар даромаддан қуруқ қолиняпти”. Ўзбекистонда зарбдор йил эълон қилинди
Олам
−
29 Ноябрь 2023
27409Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди. Бу ҳақда бугун, 29 ноябрь куни Президент раислигида қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида сўз борган.
Маълумки, Ўзбекистондаги сув ресурсларининг 20 фоизи мамлакатнинг ўзида, катта қисми қўшни давлатларда шаклланади. Иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бормоқда. Трансчегаравий дарёларни бошқариш бўйича вазият ҳам жиддий. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб мамлакатдаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрга етиши прогноз қилиняпти.
Шу ҳолатда ҳам сувдан самарасиз фойдаланиляпти. Мамлакатдаги жами сув ресурсининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарфланяпти. Масалан, бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг кубметр сув сарфлангани ҳолда, иқлими ва ери Ўзбекистонникига ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув ишлатиляпти. У ҳам бўлса, сувни тўғри бошқариш, исроф қилмаслик ҳисобига.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради. Аммо тизимда ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, сув ресурсларини бошқаришда эскича ёндашувлар сақланиб қолгани учун самара кам.
Йиғилишда бу соҳадаги муаммолар, янги ташаббус ва вазифалар муҳокама қилинган. Давлат раҳбари бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини айтган.
“Бунда биринчи муҳим вазифа – канал ва ариқларни бетонлаш. Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўляпти. Энг кўп сув йўқотишлари Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Навоий, Хоразм ва Бухоро вилоятларига тўғри келади. Каналларнинг охирида жойлашган 175 минг гектар экин майдонида сув таъминоти жуда оғир.
Умуман, сув йўқотишлари оқибатида иқтисодиётимизда йилига 5 миллиард доллар даромад бой бериляпти”, деб ёзган Президент Матбуот хизмати.
Шу боис сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди. Келгуси йилда 1 минг 500 километр, яъни бу йилгига нисбатан 4 баробар кўп йирик каналларни бетонлаш вазифаси белгиланди. 2025 йилда камида 2 минг километрдан каналларни бетонлашга ўтилади.
Бунинг учун ноябрь-март ойлари энг қулай вақт экани, лойиҳаси тайёр каналларда қурилишни ҳозирдан бошлаш кераклиги қайд этилди. Вилоят ва туман ҳокимларига бир йил ичида 3 минг 500 километр ички тармоқларни бетон қопламага ўтказиш топширилди. Бундан манфаатдор кластер ва фермерларга махсус техника ва қурилиш материалларидан ёрдамлашиб, харажатларни 2 карра камайтириш мумкинлиги айтилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь