400 миллионлик тарихий тангаларни четга олиб чиқаётган шахс ушланди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида милоддан аввалги II-I асрлардан милодий ХХ асргача бўлган даврга оид 400 млн сўмлик тангаларни чет элга олиб чиқишга уринган шахс аниқланди. Бу ҳақда бугун, 29 август куни Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.

Билдирилишича, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Келес” темирйўл чегара божхона постида Ўзбекистон ҳудудидан яширин тарзда ноёб тарихий бойликларни олиб чиқиб кетишга уринган шахс фош қилинган. Хусусан, “Тошкент-Новосибирск” рейси бўйича йўловчи поездида республикадан чиқиб кетаётган фуқаронинг қўл юки ва сумкалари ичида божхона ходимларининг оғзаки сўрови вақтида маълум қилинмаган 325 дона қадимий тангалар, заргарлик буюмлари, артефактлар, гиря ва камон ўқи учлари борлиги аниқланган. 

“Ушбу тарихий ашёлар таркибидаги 210 дона тангаларни ўзбек давлатчилиги тарихида вужудга келган деярли барча давлатларга тааллуқли тангаларнинг ўзига хос коллекцияси дейиш мумкин”, дейилади хабарда.

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги Бадиий экспертиза бошқармасининг санъатшунослик экспертизаси хулосасига кўра, мазкур қадимий ашёлар милоддан аввалги II-I асрлардан тортиб токи ХХ асргача бўлган даврни қамраб олади. Шу боис, мазкур ашёларнинг барчаси тарихий ва маданий қийматга эга деб топилган ва уларнинг тахминий баҳоси салкам 400 млн сўмга баҳоланган.

Юқоридаги ҳолатда олиб қўйилган 325 дона тарихий буюмлар Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази музейи фондига вақтинча сақловга топширилган.

Маълумот учун, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, Божхона қўмитаси маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилишини давлат томонидан тартибга солишни амалга оширувчи ваколатли идора ҳисобланади. Мазкур қонуннинг 8-моддасига биноан 50 йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғиз Республикасидан Ўзбекистонга ноқонуний равишда 19 килограммдан ортиқ тилла буюмлар олиб ўтган 1991 ва 1993 йилларда туғилган икки нафар фуқаро ушланган эди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент тарихий тангалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг