4 йилдан буён битмаётган “Bukhara City”. Ҳокимлик расмий баёнот берди
Жамият
−
23 Январь 2023
14401Яқинда Бухоро шаҳри марказидаги 29 та бино ва иншоот бузилиб, 32,6 гектар ерда Бухоро туризм маркази қурилиши катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Муҳокамалар бошқа бир мавзуга уланиб, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2019 йилда қурилиши керак бўлган “Bukhara City” ҳали тугалланмагани жамоатчилик томонидан танқид остига олинганди.
Ўшанда Бухоро вилояти 24-Когон сайлов округидан сайланган Олий Мажлис Қонунчлик палатаси депутати Умида Раҳмонова аввал битта ситини тугатиб олиш кераклиги, бироқ Бухорода “city”ларсиз ҳам туристик оқим катталигини айтиб, масъуллардан бу бўйича аниқ расмий муносабат талаб қилиб чиққанди.
Унинг талабидан 12 кун ўтиб, Бухоро вилоят ҳокимлиги “тилга кирди”. Ҳокимлик хабарига кўра, қурилишнинг кечикишига “Covid-19” пандемияси сабаб бўлган.
“Қайд этиш жоизки, “Covid-19” пандемияси ва у билан боғлиқ карантин чекловлари туфайли “Bukhara City” мажмуасида бошланган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳам бир йилдан ортиқ вақт мобайнида тўхтаб қолди.
Шунга қарамай, қурилиш-бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш бўйича мавжуд муаммолар доимий равишда ўрганилиб, уларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Мажмуани ички ва ташқи муҳандислик- коммуникация билан таъминлаш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиб, бу борада ҳам қурилиш ишлари давом этмоқда”, дейилади ҳокимлик баёнотида.
Таъкидланишича, Туркиянинг “Studio Vertebra” компанияси томонидан “Bukhara City” мажмуасига доир ягона концепция асосида бош лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилган. Бугунги кунда хорижий инвесторлар билан бир қаторда йигирмага яқин маҳаллий тадбиркорлар ўз лойиҳаларини амалга оширмоқда.
“Мажмуа ҳудудида аҳолига юқори даражада савдо ва хизмат кўрсатишнинг ўзига хос намунаси бўлиши кутилаётган, 1 минг 717 та савдо дўконлари, 36 та умумий овқатланиш, шунингдек, юздан ортиқ маиший ва техник хизмат кўрсатувчи шахобчалари, авиа ва темир йўл кассалари, банк филиаллари, кўнгилочар ва ахборот марказларини ўз ичига олган “Karvon Shopping Centre” савдо мажмуаси, 102 та хона 200 та меҳмон ўрнидан иборат бўлган замонавий тўрт юлдузли “Turon Plasa” меҳмонхонаси, шу меҳмонхонага туташ 9 қаватли 80 та хонадонли, “Строй само” МЧЖга қарашли 9 қаватли 49 та хонадонли ва 7 қаватли 35 та хонадонли, “Бухоро темир-бетон комбинати” МЧЖга қарашли 8 қаватли 64 та хонадондан иборат замонавий турар-жой бинолари қурилиши тўлиқ якунланган. Ҳозирда мазкур иншоотларни фойдаланишга топшириш бўйича тегишли қабул комиссиялари хулосалари олинмоқда”, дея қўшимча қилган ҳокимлик.
Маълумот учун, “Bukhara City” замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 июлдаги
“Бухоро шаҳрида “Bukhara City” замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар марказини барпо қилишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Бухоро шаҳрининг Ҳофиз Таниш Бухорий, Зулфия, Қаюм Муртазоев, Иброҳим Мўминов ва Саноатчилар кўчалари оралиғидаги жами 83 гектар ер майдонида қурилиши режалаштирилган.
Бир қатор соҳа мутахассислари эса аввалроқ Бухоронинг тарихий қиёфасига зарар етаётганидан ҳавотир билдириб, QALAMPIR.UZ’га интервью берган эди.
Шунингдек, ижтимоий тармоқ фаоллари ҳам масъулларни Тошкент изидан бормасликка, турли хил “city”лар билан қадим Бухоронинг неча йиллик обрўсини туширмасликка чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жамоатчилик эътирозлари сабаб Бухородаги туризм маркази қуриладиган жой ўзгартирилгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси