Уч йил деганда таъмири битган стадион бузиб ташланиши мумкин. Жамоатчилик бунга қарши

Спорт

image

Ўзбекистон Про-лигасини муваффақиятли якунлаган “Бухоро” футбол клубининг стадиони бузилиши мумкин. Қайд этилишича, унинг ўрнига худди Самарқанддагидек сайёҳлик маркази барпо этилади. Айни вақтда ижтимоий тармоқларда жамоатчилик ушбу қарорга қарши чиқмоқда. 

Стадионда 3 йил давом этган қурилиш ишлари якунланди, аммо ижтимоий тармоқда стадионга туташ ҳудудлардаги спорт мажмуалари бузилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бир гуруҳ бухоролик спортчи ва мураббийлар ижтимоий тармоқ орқали спорт мажмуаси бузилишига қарши чиқиб, Президентга мурожаат йўллади.

“Янги йил совуқ хабар билан кириб келди. Спорт мажмуамиз туристик марказ учун кимга керак бўлибди? Бу ерда кўпгина ёшлар спорт билан шуғулланади. Элликка яқин мураббий мажмуада фаолият юритади. Бундан ташқари, кўпгина давлат ташкилотлари ходимлари шу ерда спорт билан шуғулланиб, ўз жисмоний ҳолатларини яхшилайди. “Бухоро” футбол клуби шу стадионда ўйинларини ўтказади. Бу йил жамоамиз Суперлигага чиқди. Энди нима қилайлик? Тўғри, туризм ривожланиши керак, лекин бизда тайёр туристик шаҳар бор. Шунингдек, бу ҳудудда мотамсаро она ҳайкали мавжуд. "Яшил макон" умуммиллий ҳаракати доирасида ҳудудда бир ярим мингдан ортиқ дарахтлар ўтқазилган. Дарахтлар нима бўлади? Майли, шу жойда туристик шаҳар қуришсин, лекин аввал бизга бошқа янги стадион қуриб беришсин”, дейди мурожаатчилардан бири.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 2022 йилнинг 30 декабрь куни “Бухоро вилоятида амалга ошириладиган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тўғрисида” йиғилиш баёнини тасдиқлаган. Унга кўра, Бухоро шаҳридаги “Бухоро” спорт мажмуаси ва унга туташ ҳудудлар ўрнига “Бухоро туризм маркази”ни барпо этиш учун 32,6 гектар ер ажратиш ва ҳудудда жойлашган ташкилот ва муассаларни бошқа жойга кўчириш белгиланган. Сайёҳлик марказини “Enter Engineering” компанияси жалб қилинадиган маблағлар ҳисобига қуриши кўрсатилган. Ушбу компания Самарқанддаги “Silk Road Samarkand” туристик марказини ҳам барпо этганди.

Маълумот учун, “Бухоро” стадиони 2002 йилда очилган. Стадион ўз бағрига 23 мингга яқин томошабинни сиғдира олади. Стадион сиғими бўйича Ўзбекистонда 3-ўринда туради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг