3 та ёдгорликни музейга айлантириш учун 2 млрддан ортиқ пул ажратилди
Жамият
−
30 Октябрь 2023
4997Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган 5 та археологик ёдгорликлар очиқ осмон остидаги музейга айлантирилади. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 майдаги “Музейларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2023-2026 йилларда музейга айлантиришга мўлжалланган археологик ёдгорликларнинг манзилли режаси тасдиқланган.
Ушбу қарор асосида вилоят реставрация марказлари томонидан Тошкент шаҳридаги “Чилонзор Оқтепа”, Сурхондарё вилоятидаги “Далварзинтепа”, Андижон вилоятидаги “Мингтепа”, Самарқанд вилоятидаги “Шерозқалъа”, Қорақалпоғистондаги "Қўйқирилган қалъа" археологик ёдгорликларида очиқ осмон остидаги музей ташкил этиш ва уларни туристик объектга айлантириш белгиланди.
Шу муносабат билан, Самарқанд вилоятида жойлашган Шерозқалъа археологик ёдгорлигини музейлаштириш учун Маданий мерос агентлиги томонидан 1 млрд сўм, Тошкент шаҳридаги “Чилонзор Оқтепа” археологик ёдгорлигини реставрация ва таъмирлаш учун 500 млн, Сурхондарёдаги “Далварзинтепа” археологик ёдгорлиги учун эса 800 млн сўм маблағ ажратилган. Қолган 2 та объектга сарфланадиган пул миқдори эса ҳали очиқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Самарқандда жойлашган тарихий обидаларнинг таъмири ва қайта тикланиши учун жами 28,7 млрд сўм маблағ сарфланганди.
LiveБарчаси