3,2 млрд сўм асоссиз даромад қилган кластерлар аниқланди
3-саҳифа
−
05 Сентябрь
4019Қашқадарё вилоятида 2 та пахта тўқимачилик кластерлари томонидан 3 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромадлар олингани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Рақобат қўмитаси томонидан юқори ликвидли ва (ёки) монополь турдаги маҳсулотларни биржа савдолари орқали сотувчи кластерлар томонидан ушбу турдаги маҳсулотларни биржа савдоларига қўйилиши ва биржа савдоларида нархларни сунъий ошишини олдини олиш бўйича назорат ўрнатилиб, кунлик ва ойлик мониторинг кузатувлари олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилоятида ўтказилган ўрганишлар давомида “Чироқчи-кластер” МЧЖ ва “Китоб ип йигирув” АЖлар томонидан қуйидаги ҳолатлар аниқланган:
- умумий 8 минг 310 тонна маҳсулотни биржа савдоларига чиқармасдан, тўғридан тўғри шартномалар асосида сотилиши;
- жадвалларда назарда тутилган муддатларда биржага маҳсулотни қўймаслик ёки уни кам ҳажмда ёхуд мувофиқ бўлмаган ҳажмда қўйиш;
- маҳсулотлар бўйича жадвалларни белгиланган муддатда биржанинг расмий веб-сайтига жойлаштирмаслик;
- биржа савдоларини ўтказиш чоғида рақобатни чеклайдиган ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар;
Юқоридагиларга кўра, ўтказилган ўрганишлар натижасида 2 та кластер корхоналарда жами 3,2 млрд сўм асоссиз олинган даромадлар аниқланган.
“Мазкур ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талаблари бузилиши аломатлари билан, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида қонун бузилишига йўл қўйган кластерларга нисбатан Қўмита томонидан тегишли тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан ортиқча олинган маблағни ихтиёрий равишда қайтариш ва қонун бузилишини бартараф этиш мақсадида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш давлат бошқармаси томонидан кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 4 млрд 173 млн сўмдан ортиқ асоссиз қарздорлик бекор қилинганди.
LiveБарчаси