Ўзбекистонда фермерларга босим бўляптими? ҚХВ изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда фермерларни пахтанинг арзонроқ нархига рози бўлишга мажбурлаш ҳолатлари кузатилгани, кластерлар шартнома асосида ўз зиммасига олган харажатларнинг бир қисмини ҳукумат солиқ тўловчиларнинг гарданига юклашга қарор қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тушунтириш берди. 

Вазирлик пахта нархи маъмурий йўл билан арзонлаштирилаётгани билан боғлиқ вазиятни “тўғри талқин қилиш”ни сўраб баёнот берар экан, Сурхондарё вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Ғаффоровнинг ҳаракатларини оқлаган. 

Хўш, Ғаффоров нима қилганди ўзи? Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзувда Ғаффоров туман ҳокимига ҳамма фермерларни мажлисга йиғиб, “биржа томонидан ташлаб берилган бланка”га муҳр ва имзо қўйдиришни топширганини эшитиш мумкин. Бу билан фермерлар ва кластерлар ўртасида 8-9 миллион сўмдан тузилган шартномаларнинг ҳаммаси ўзгартирилиб, пахта нархи туширилади.

Қайд этилишича, Ғаффоров бу хабарни етказишида англашилмовчилик юзага келган ва хатога йўл қўйган. Вазирлик томонидан пахта етиштирувчиларнинг шартномасини бекор қилиш, фермерлар ҳамда кластерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича ҳудудий бошқармалар ва уларнинг раҳбарларига ҳеч қандай топшириқлар берилмаган.

Вазирлик илова қилган “Пахта хомашёси етиштирувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари” тўғрисидаги 574-сонли қарорига кўра, пахта етиштирувчилар томонидан биржа савдолари орқали реализация қилинган (электрон ҳисоб-фактура асосида) бир тонна пахта хомашёси (пахта-тўқимачилик корхоналари томонидан етиштирилган пахта хомашёси ҳамда уруғлик пахта бундан мустасно) учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 миллион сўм миқдорида субсидия ажратиш кўзда тутилган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги айнан мана шу қарор асосида пахта етиштирувчи фермер хўжаликларига улар етиштирилган пахта хомашёсини юқорида белгиланган тартиб асосида реализация қилишса, зарар кўрмаслиги учун давлат томонидан ёрдам сифатида ҳар бир тонна учун субсидия ажратиб берилишини таъкидлаган.

Бундан ташқари, агар фермерларда тушунмовчилик ҳолати бўлса, вазирлик ҳар бир ҳолатни кўриб чиқиб, ечим ва ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

“Етиштирилган пахта хомашёсини топширишдаги барча муаммоли ҳолатларда (шартномаларнинг йўқлиги, фермерни ўзига маъқул бўлмаган кластерга сотмаслик қарорида эканлиги, бугунги нархларни кўтарилишини кутиш истагида эканлиги ва ҳоказо) терилган хомашёни пахта қабул қилиш масканларига вақтинчалик сақлаш учун топшириб, муаммоли масалаларни босқичма-босқич ишлаб чиқарувчилар билан ўзаро келишган ҳолда бартараф этишлари мумкинлигини билдирамиз. Мақсад – терилган пахта ўз вақтида қабул пунктларида тўғри сақланиши ва шаффоф тарзда агпроплатформада акс этиши лозим. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан мазкур хабарнинг объектив моҳиятини англаб етиш ва айнан ҳукумат қарори билан беғараз ёрдам бериш масалаларини тўғри талқин қилинишини сўраб қоламиз”, дейилган вазирлик хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кластер Раҳматулло Ғаффоров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг