22 ёшли чегарачи ўзини отиб қўйди
Олам
−
18:40 10887 1 дақиқа
Жорий йилнинг 7 апрель куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Иркештам чегара постида 22 ёшли ҳарбий хизматчи ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди. Бу ҳақда “Turmush” хабар берди.
Маълумотларга кўра, шартнома асосида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчи бошидан ўқ теккан ҳолда Нура қишлоғидаги шифохонага олиб борилган. Биринчи тиббий тез ёрдам кўрсатилгандан сўнг у зудлик билан туман маркази бўлган Гулча шаҳридаги шифохонага кўчирилган.
Шифокор Дойирбек Қодиров жабрланувчининг ҳолати ҳақида маълумот берган. Унинг айтишича, ўшлик мутахассислар томонидан чегарачининг бош миясида шошилинч операция ўтказилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ўқ жағ соҳасига тегиб, кўз атрофидаги қон томирлари ёнидан тешиб чиққан. Ҳозир бемор кома ҳолатида бўлиб, сунъий нафас бериш жиҳозига уланган. Аҳволи эса жуда оғир деб баҳоланган.
Ҳозирда воқеа бўйича экспертиза тайинланиб, ҳарбий прокуратура воқеа сабабини аниқлаш учун текширув олиб бормоқда. Давлат чегара хизмати ҳарбий хизматчи И.A. АК-74 автоматидан ўқ узганини маълум қилган. Ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги 21742-сонли ҳарбий қисмнинг техник ҳудуди қоровули отган ўқ тасодифан бошлиғига тегиб, уни ўлдириб қўйганди.
Live
Барчаси