2050 йилгача Сирдарё суви 5 фоизга, Амударё суви 15 фоизгача камайиши мумкин

Жамият

image

Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурси 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. Талабга нисбатан етишмайдиган сувнинг қарийб 12 млрд куб метр қисми сув иқтисод қилиш тадбирлари ҳисобига қопланиб, Ўзбекистонда 2030 йилга бориб етишмайдиган сув 3 млрд куб метрни ташкил қилиши мумкин. Бу ҳақда 6 февраль куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ва 2022–2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясинининг 2023 йилда амалга оширишга оид давлат дастурида келтириб ўтилган.

Дастурга биноан Сув хўжалиги вазирлигига (Шавкат Хамроев) 2023 йил якунига қадар сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш топшириғи берилган. Шунингдек, вазир Шавкат Ҳамроевга зарур ирригация ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш орқали камида 7 млрд куб метр сув иқтисод қилинишини ҳамда 300 минг гектар майдонда такрорий экинларни суғоришга йўналтирилишини таъминлаш вазифаси юкланган.

“Натижада, сув ресурсларини бошқаришда рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш, зарур ирригация 
ва мелиорация тадбирларини ўз вақтида амалга ошириш орқали 2023 йилда камида 7 млрд куб метр сувни иқтисод қилиб, 300 минг гектар такрорий экинлар суғоришга йўналтириш имконияти яратилади”, дейилган дастурда.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигини сув ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида 2023 йилда:

  • сув ресурсларини бошқаришда “вазир-мироб-фермер” узлуксиз тизимини йўлга қўйиш ҳамда сувни тежайдиган рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига сувни етказиб беришдаги табиий йўқотишлар салмоғи 10 фоизгача камайтирилиши;
  • сув солиғи бўйича тушумларнинг 25 фоизи туманларда суғориш хизматларини ривожлантириш, ариқ, зовур ва каналларни бетонлашга йўналтирилиши белгиланган.

Бунда сув ресурслари тўғридан-тўғри фермерлар чегарасигача етказиб берилиши ҳамда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилади.

“Ички хўжалик суғориш тармоқларининг 77 фоиз (119,5 минг км) суғориш тармоғи тупроқ ўзанли бўлиб, 44 фоиз (68,3 минг км) тармоқ таъмирлаш 
ва тиклашга, 10 фоиз (15,5 минг км) тармоқ эса, реконструкция қилишга муҳтож. Сув истеъмолчиларининг сув олиш жойлари эса аксарият ҳолда сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланмаган. Шу сабабли, ирригация тизими ва суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти паст бўлиб, асосий манбалардан олинадиган сувнинг 35-40 фоизи суғориш тармоқларида йўқотилмоқда”, дейилган дастурда.

Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда сувнинг ҳисобини очиқ-ошкора юритиш тизимини жорий этиш мақсадида 13 мингта сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш билан боғлиқ барча харажатларни Давлат бюджети маблағлари ва халқаро молия институтлари грантлари ҳисобидан молиялаштириш чораларини кўриши белгиланган.
Бунда 16 та йирик насос станцияларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади.

Дастурда Рақамли технологиялар вазирлигига ҳам вазифалар юкланган. Вазирлик Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 13 мингта сув хўжалиги объектлари рақамлаштирилишини таъминлаши керак.

“Натижада, 2023 йилда жами 13 057 та сув хўжалиги объектида рақамли технологиялар жорий қилиниб, шундан 10 937 та объектда “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилади, сувнинг ҳисобини онлайн режимда мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилади, 2 100 та мелиоратив кузатув қудуқлари автоматлаштирилган мониторинг тизимига ўтказилади, 20 та йирик сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнлари автоматлаштирилган бошқарувга ўтказилади”, дейилган дастурда.

Шунингдек, республика бўйлаб сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш, сувдан белгиланган лимит асосида фойдаланиш ҳамда сувни оператив бошқариш имконияти оширилади, сув манбаларидаги мавжуд сувлардан фойдаланиш самарадорлиги ортишига ва лойиҳа ҳудудларида 2-5 фоизгача сув ресурслари иқтисод қилинишига эриш кераклиги белгиланган.Сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш ишларига эса жами 390 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сирдарё сув Амударё

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг