Сирдарёда пора олган ЙПХ инспектори қамалди
3-саҳифа
−
14 Ноябрь
7237Сирдарё вилоятида 400 АҚШ доллари эвазига текширув материалларини йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ҳайдовчининг фойдасига ҳал қилишни ва суд тиббий экспертизасини енгиллаштиришни ваъда қилган инспектор озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.
Маълум қилинишича, Сирдарёда ЙҲХХ катта инспектори ЙТҲ юз берган жойга етиб борган. У ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириб, йўловчилардан бирининг тан жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаш учун тиббиёт экспертизаси тайинлаган. Ҳайдовчининг бошқарувидаги машинани шу куниёқ жарима майдончасига жойлаштирган. Орадан 4-5 кун ўтгач, ҳайдовчини ўз хизмат хонасига чақирган.
У терговга қадар текширув материалларини ҳайдовчининг фойдасига ҳал қилган ҳолда судга чиқариш, суд-тиббий экспертизасини енгиллаштириш ҳамда автомашинани жарима майдончасидан чиқариб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига ҳайдовчидан 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилган.
Ҳайдовчи ходимнинг бу таклифига рози бўлмаган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган. Унинг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбир давомида ЙҲХХ катта инспектори ўз хизмат хонасида 200 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланган.
Ҳолат юзасидан суд иши Гулистон шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил муддатга ИИОда ҳар қандай лавозимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, унга нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда тўёна сифатида пора олган кадастр бўлими бошлиғига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
LiveБарчаси