Наманганда тўёна сифатида пора олган кадастр бўлими бошлиғи қамалди
3-саҳифа
−
11 Ноябрь
7738Кадастр агентлигининг Наманган вилояти Тўрақўрғон туман бўлими бошлиғи ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган фуқародан жарима қўлламаслик учун ходимининг тўйига тўёна беришни талаб қилган. QALAMPIR.UZ мазкур иш бўйича суд ҳукми билан танишди.
Маълум қилинишича, туман кадастр ходимлари томонидан фуқаро ўзбошимчалик билан ер участкаси қуриб олиб фойдаланиб келинаётгани учун унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, 51 млн сўм жарима солиш тўғрисида хабар беришгандан сўнг, фуқаро бўлим бошлиғининг олдига бориб, оилавий шароити ёмонлиги, бунча миқдордаги жарима тўлай олмаслигини айтиб ўтади. Сўнгра фуқаро фарзандларига ўқув қуроллари олиш учун бировдан 100 доллар қарз кўтарганини, шуни беришини билдирган. Бироқ бўлим бошлиғи яна 300 доллар пул маблағини ходимининг тўйига тўёна сифатида сўраган. У тўёнани олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.
2024 йил 22 август куни фуқаронинг аризаси асосида тезкор тадбир ўтказилган. Унда бўлим бошлиғи Тўрақўрғон тумани Оқтош маҳалласи ҳудудида ўзининг Lacetti машинасида 300 долларни пора тариқасида олган. Сўнгра машинасини ҳаракатлантириб, ИИБ ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, 300 долларни машина ойнасидан улоқтирганича воқеа жойидан қочган. Аммо у пулни олгани Наманган вилоят ИИБ ЭКБнинг хулосаси билан тасдиғини топган.
Бўлим бошлиғи судда айбига қисман иқрорлик билдирган.
Суд ҳукми билан Тўрақўрғон туман кадастр бўлими бошлиғи Жиноят кодекси 210-моддаси 2-қисмининг “в” бандида (тамагирлик йўли билан пора олиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда, шу жумладан Кадастр агентлиги тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар ҳокимининг ўринбосари хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда 1 млн АҚШ доллари пора олаётган вақтида қўлга олинганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси