2026 йилги дунёнинг энг бой одамлари рўйхати эълон қилинди 

Олам

image

Дунёнинг энг бой 20 нафар миллиардерининг жами сармояси тахминан 3,8 триллион долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич дунёдаги аксарият давлатларнинг йиллик ялпи ички маҳсулотидан (ЯИМ) юқоридир. Бу ҳақда “Forbes” нашри маълум қилди.

Бойлиги 714,2 миллиард доллар деб баҳоланаётган Илон Маск тарихда сармояси 700 млрд доллардан ошган биринчи инсонга айланди. 2020 йилдан бери Маскнинг давлати деярли 30 баравар кўпайган. 

Унинг асосий даромад манбаларидан бири — SpaceX компаниясидаги улуши бўлиб, ҳозирда у 366 миллиард долларга тенг. Айни пайтда компаниянинг бозор қиймати 800 миллиард долларни ташкил этмоқда ва 2026 йил якунига қадар бу кўрсаткич 1,5 триллион долларга етиши прогноз қилинмоқда.

Google асосчиларидан бири Ларри Пейж 257,7 миллиард доллар сармоя билан рейтингда иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Қайд этилишича, 2025 йил давомида Alphabet (Google бош компанияси) акцияларининг 63 фоизга ўсиши Пейж давлатининг сезиларли даражада ошишига асосий омил бўлган.

Nvidia бош директори Женсен Хуангнинг бойлиги 162,5 миллиард долларга етиб, у дунёнинг энг бадавлат шахслари рейтингида саккизинчи ўринга кўтарилди. Сўнгги етти йил ичида Nvidia акциялари 4200 фоиздан кўпроққа ошган. Натижада, Хуангнинг сармояси дунёнинг энг йирик 20 нафар миллиардери орасида энг тез ўсиш суръатини намойиш этди. 

Таққослаш учун, Билл Гейтснинг бойлиги 2020 йилдан буён деярли ўзгармаган. Ўша йили Гейтс дунёнинг иккинчи энг бой одами эди, аммо ҳозир у 18-ўринга тушиб кетди. Бунга асосан унинг ўнлаб миллиард доллар маблағни хайрия мақсадларига йўналтиргани сабаб бўлган. 

“Forbes” тадқиқотига кўра, 2025 йилда деярли ҳар олтинчи миллиардер (464 нафар) ўз бойлигини молия ва инвестициялар соҳасида ишлаб топган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил якунида дунёнинг энг бадавлат 500 нафар кишисининг умумий бойлиги рекорд даражадаги 2,2 триллион долларга ошган эди. Бунга акциялар, криптовалюталар ва қимматбаҳо металларни ўз ичига олган барча бозорлардаги жадал ўсиш сабаб бўлган ва уларнинг жами капитали 11,9 триллион долларга етган.


Мақола муаллифи

Теглар

Илон Маск рўйхат 2026 энг бой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг