2022 йилда тиббиёт ходимлари 800 дан ортиқ коррупцияга йўл қўйган – Акмал Бурхонов
Жамият
−
25 Январь 2023
62882022 йил давомида Соғлиқни сақлаш соҳасида 793 нафар ходим томонидан жами 805 та коррупциявий ҳолатларда жиноятга қўл урилган. Бу ҳақда бугун, 25 январь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов агентлик ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилган мулоқот давомида маълум қилди.
Коррупциявий ҳолатларнинг 320 таси ишга қабул қилиш билан боғлиқлиги қайд этилди.
Маълум бўлишича, 2022 йил давомида соҳа ходимлари томонидан содир этилган жиноятларнинг асосий қисми ходимларнинг иш ҳақларини ўзлаштириш, ишга киритиш ёки иш соатини кўпайтириш, давлат харидлари, тиббиёт муассасаларига тегишли мол-мулклар ва бюджет маблағларини ўзлаштириш, тиббий муолажалар учун пора олиш каби ҳолатлар билан боғлиқ бўлган.
Булар орасида, тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ҳамда уларга иш ҳақини ҳисоблаш билан боғлиқ коррупцион жиноят содир этган шахслар сони соғлиқни сақлаш тизимдаги жами жиноятга қўл урган шахсларнинг деярли 50 фоизини ташкил этмоқда.
Таҳлиллардан маълум бўлишича, коррупциявий жиноятларга қўл ураётган шахсларнинг аксарияти шифокор ёки бошқа тиббиёт ходимлари эмас, балки раҳбар ва маъмурий бошқарув ходимлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шунингдек, агентлик, вазирлик, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамкорликда маъмурий бошқарувчи ходимларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, тизимда ишга қабул қилишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини жорий этиш масаласини муҳокама қилди.
LiveБарчаси